ҚР Президенти Арманистон Бош вазири билан музокаралар ўтказди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Қозоғистонга келган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб хабар беради.

Учрашувда Қозоғистон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди. Томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ва Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилдилар.

Давлат раҳбари Арманистон Бош вазирига ҳурмат бажо келтирди ва икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

«Бу йил дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганига 30 йил тўлди. Бу жуда муҳим сана. Икки давлат ўртасида олий даражадаги очиқ сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Парламент, маданий-гуманитар алоқаларимиз изчил ривожланмоқда», – деди Президент.

Давлат раҳбари Арманистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги раислигини юқори баҳолади ва Никол Пашинянга январ фожиаси пайтида Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар контингентини юбориш қарорини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида, Арманистон Бош вазири меҳмондўстлик ва Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисини юқори савияда ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди.

«Қозоғистон билан муносабатларимиз муваффақиятли ривожланиб бораётганидан хурсандман. Ҳозир биз Евроосиё иқтисодий иттифоқи форматида иқтисодий ҳамкорлик ва Евроосиё иқтисодий маконини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқдамиз», – деди Никол Пашинян.

Бош вазир Никол Пашинян ҳам КХШТнинг инқирозга қарши механизмларини юқори баҳолаб, Арманистоннинг ташкилотдаги раислиги доирасида бу масала устувор бўлишини таъкидлади.



Сўнгги хабарлар