ҚР Президенти Алмати шаҳри жамоат транспорти тизими билан танишди

Фото: Фото: t.me/aqorda_resmi
ASTANA. Kazinform – Президент «Алмати шаҳар транспорт холдинги» МЧЖ бошқарувидаги ONAY электрон чипталар тизими ва Алмати шаҳридаги жамоат транспортини диспетчерлик назорати маркази фаолияти билан танишди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Давлат раҳбарига жамоат транспортида электрон тўлов тизимининг жорий этилиши ва бутун жараённинг автоматлаштирилгани натижасида йўловчи ташиш соҳасида яширин пул муомаласи сезиларли даражада қисқаргани ва транспорт корхоналари даромади бир неча баробар ортгани ҳақида маълумот берилди.

2016-2022 йилларда мазкур тармоқнинг йиллик молиявий айланмаси 2,7 баробарга, яъни 10 миллиард тенгедан 26,8 миллиард тенгегача ошган. Шу йилларда жамоат транспорти сони ва сифати ҳам ортган. Бундан ташқари, жамоат транспорти қатновининг ўз вақтида бажарилиши 95 фоизга етган.

Президент ривожланган жамоат транспорти тизими сифатли шаҳар ҳаётининг ажралмас қисми эканини таъкидлади. Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу соҳани янада ислоҳ қилиш муҳимлигига, йўловчи ташиш сифати ва қулайлигини муттасил ошириш зарурлигига эътибор қаратди.

Компания раҳбариятининг сўзларига кўра, Алмати ва унинг атрофидаги ҳудудларга одамларнинг келиши ва кетишини таҳлил қилиш натижасида самарали транспорт тизими шакллантирилади. Маршрутлаш тармоғини оптималлаштиришда унинг маълумотлари ҳисобга олинади.

«Алмати шаҳар транспорт холдинги» МЧЖ жамоат транспортини бошқариш соҳасидаги тажрибасидан бошқа йўналишларда ҳам фаол фойдаланиляпти. Хусусан, компания томонидан 15 та тоифадаги имтиёзли саёҳат ҳуқуқига эга фуқароларнинг ижтимоий тоифалари, жумладан, уларнинг саёҳат йўналишлари тўлиқ рақамлаштирилган. Айни пайтда ушбу маълумотлар асосида белгиланган ижтимоий ёрдамнинг мақсадли сарфланишини таъминлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Бундан ташқари, корхонанинг диспетчерлик назорати маркази инватакси ва махсус хизмат кўрсатувчи автомашиналарнинг ҳаракатланишини назорат қилади.


Сўнгги хабарлар