ҚР Президенти: Абайнинг «комил инсон» концепциясини теран ўрганиш лозим

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Абай ва ХХІ асрдаги Қозоғистон» номли мақоласида буюк мутафаккирнинг «комил инсон» ғояларига тўхталди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Шаҳарлар тез ривожланиб, кичик овуллар ортда қолиб кетди. Олимлар бунинг сири ижтимоий масъулият ҳиссининг йўқолишида деб ҳисоблашади. Ижтимоий масъулиятни қайтариш учун нима қилмоқ даркор?

Албатта, бу осон иш эмас. Ушбу мураккаб масаланинг ечимини Абайнинг «Комил инсон» формуласидан излаш лозим», - деб ёзди ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлатимиз раҳбарининг айтишича, «Комил инсон» тушунчасини инглиз тилидаги «A man of integrity» тушунчаси билан таққослаш мумкин. Бу – ўткир, ўзига ишонган, эзгулик ва яхшиликка интилувчан инсонларга хос таърифдир. Жаҳонда эндигина машҳур бўлиб бораётган ушбу тушунчани Абай ўн тўққизинчи асрдаёқ изоҳлаб берган.

Инсон ҳаёти турли хил алоқа-муносабатлардан тузилгандир. Акс ҳолда одам жамиятдан ажралиб қолади. Муносабат эса одамларга албатта масъулият юклайди. Ана шу масъулият ўзаро муносабатларда шахсий манфаат устун қўйилган лаҳзада бузилади. Шунинг учун ҳам Абай: «Ақл, куч-ғайрат, юракни тенг ушлагил, Шунда камол топасан илғор бўлиб», - дея таъкидлайди.

Ушбу учта тушунча доимо уйғунлик топиши, лекин олдинги иккаласи юракка бўйсуниши лозим деб ҳисоблайди. Бу – қозоқ халқининг ҳаётий фалсафасидир.

«Мана шу фалсафа билан ҳаёт кечирган халқимиз ўта қийин онларда ҳам ўзга миллат вакилларини бағрига босган, ўзи оч қолса ҳам бир бурда нонини улар билан баҳам кўришни фарзи деб билган. Доимо каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатган, йиқилганнинг ўрнидан туришига ёрдам берган. Ана шу қадриятларни тарғиб қилиб, бугунги авлод онгига сингдириш орқали халқимиз миллат сифатида ўзини сақлаб қолган», - дейилган Президент мақоласида.

Давлатимиз раҳбари Абайнинг «комил инсон» концепциясини теран ўрганиш лозимлигини таъкидлади.

«Ушбу йўналишда олимларимиз янги тадқиқотларни бошлаши лозим. «Комил инсон» концепцияси, аслида, ҳаётимизнинг барча соҳаларининг, давлат бошқаруви ва таълим, бизнес ва оила институтларининг пойдевори бўлиши лозим», - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Муаллиф: Айдар Оспаналиев


Сўнгги хабарлар