ҚР Парламенти Мажлисида муаллифлик ҳуқуқига оид ҳужжат қабул қилинди

None
ASTANA. Kazinform – Бугун ҚР Парламенти Мажлиснинг умумий йиғилишида «Ахборот ва телекоммуникация тармоқларида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Битим МДҲнинг саккизта давлати томонидан 2021 йил 12 ноябрда МДҲ Ҳукумат раҳбарларининг йиғилишида имзоланган. Ҳужжат Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳудудида рақамли муҳитда, жумладан, Интернетда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган.

«Шартнома ахборот ва телекоммуникация тармоқларида, жумладан, интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқи объектлари ва турдош ҳуқуқлар билан боғлиқ ҳуқуқларнинг бузилишига қарши ҳаракат механизмларини яратиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш йўналишида амалга оширилмоқда. Битимдан кўзланган мақсад қонунчиликни такомиллаштириш, бу борадаги қонун бузилишларининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ахборот ва илмий тадқиқотлар натижаларини алмашишдан иборат», – деди Қозоғистон Республикаси Адлия вазири Азамат Есқараев.

Унга кўра, МДҲга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида семинар ва конференциялар ўтказиш орқали бу борадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш режаси инобатга олинди. Ушбу келишув рақамли муҳитда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни сақлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида халқаро норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш доирасида тасдиқланган.

«Масалан, 2020 йилда Қозоғистон Республикасида 24 та лицензиясиз хорижий интернет-ресурслар аниқланган. 2021 йилда 40 та ана шундай интернет-ресурслар маълум эди. Блоклаш масаласини кўриб чиқиш учун улар ҳақидаги маълумотлар «Кибернадзор» ахборот тизимига киритилди. Битим рақамли муҳитда интеллектуал ҳуқуқларни сақлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишнинг умумий усулларини белгилаш имконини беради. Битимда иштирок этувчи томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш МДҲ доирасида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш бўйича давлатлараро кенгаш зиммасига юклатилган. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари орқали ҳамкорлик қиладилар. Бу борада Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги, Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суд инобатга олинди», – деди вазир.

Ушбу ҳужжатга кўра, Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ички тартиб-қоидаларни амалга оширган.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар