ҚР Мажилиси раиси Вена шаҳрида бўлиб ўтган Парламент спикерларининг Бутунжаҳон конференциясида нутқ сўзлади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform- Қозоғистон Парламенти Мажилиси раиси Нурлан Нигматулин Вена шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлар спикерларининг бешинчи Бутунжаҳон конференциясида маъруза қилди, дея хабар беради Kazinform.

Парламентлар спикерларининг бешинчи Бутунжаҳон конференциясида сўзга чиққан Мажилис раиси Нурлан Нигматулин Қозоғистон раҳбариятининг кенг кўламли ислоҳотлари, шунингдек, қонунчиликни қўллаб-қувватлаши мамлакатни халқаро тамойиллар асосида ривожланишига имкон беришини таъкидлади.

Мажилис раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги Парламент делегацияси Aвстриянинг Вена шаҳрида Парламент спикерларининг бешинчи Бутунжаҳон конференциясида иштирок этмоқда.

Мажилис раиси кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарор ривожланишга доир парламент фаолиятига бағишланган интерактив умумий муҳокамада сўзлади.

Шу билан бирга, Нурлан Нигматулин Қозоғистонда халқаро тамойилларга мувофиқ мамлакатнинг барқарор ривожланишига йўл очадиган муҳим ташаббуслар ҳақида гапирди.

Палата Спикерининг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев нуфузли давлат ва адолатли жамият қуришнинг концептуал асосини яратди.

Бугун Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бу сиёсий курсни давом эттирмоқда.

Нурлан Нигматулин Қозоғистон жамиятининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли тизимли ислоҳотлар ҳақида гапириб, жамоатчилик назорати ва фуқаролик фаоллиги, шунингдек, мамлакат раҳбарияти ташаббусларини қонуний қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

- Парламент қонунчилик даражасида ўз вақтида ислоҳотларни таъминлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Масалан, сайлов қонунчилиги ва суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, сиёсий партиялар, тинч йиғинлар, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўп ўзгаришлар киритилди, - деди Мажилис раиси.

Нурлан Нигматулин ўз нутқида Қозоғистоннинг глобал ва минтақавий даражадаги тинчлик ва хавфсизликка қўшган ҳиссасига эътибор қаратди.

- Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев замонавий муаммоларга жавобан тўғридан-тўғри БМТ Хавфсизлик Кенгашига бўйсунадиган Халқаро биологик хавфсизлик агентлигини тузишни таклиф қилди. Бу махсус тузилма биологик хавфлардан ҳимояланишга ёрдам беради. Умид қиламизки, ҳамкасбларимиз бу муҳим Қозоғистон ташаббусини фаол қўллаб -қувватлайдилар, - деди Мажилис раиси.

Нурлан Нигматулин, шунингдек, Aфғонистонда тинчлик ва хавфсизликни тиклаш каби халқаро кун тартибининг долзарб масалаларига тўхталиб, Aфғонистонда инсонпарварлик ва озиқ -овқат инқирозининг олдини олиш бугунги кунда энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Мажилис раиси таъкидлаганидек, ҳозирда Қозоғистон Президентининг қарори билан БМТнинг Aфғонистондаги ваколатхонаси вақтинча Қозоғистондада жойлашган.

Парламентлар спикерларининг бешинчи Бутунжаҳон конференцияси коронавирус пандемияси бошланганидан буён тўғридан-тўғри ташкил этилган биринчи кенг кўламли Парламент форумидир.

Вена конференциясини Парламентлараро иттифоқ, Aвстрия парламенти БМТ билан ҳамкорликда ташкил этди.

Учрашувга 90 дан ортиқ мамлакат Парламентлари спикерлари йиғилиб, халқаро Парламентнинг шошилинч чораларини талаб қиладиган устувор вазифаларни, шу жумладан, COVID-19 пандемияси ва тикланишига қарши глобал чора-тадбирларни, иқлим ўзгариши ва экологик барқарорликни, ёлғон ахборотлар тарқатишга қарши кураш, ёшларнинг сиёсатдаги иштироки, гендер тенглигини муҳокама қилиш учун йиғилишди.

Қозоғистон Парламенти делегацияси таркибида Сенат ва Мажилис депутатлари бор.


Сўнгги хабарлар