ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги субсидиялар олиш тартибини соддалаштирмоқчи

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform – 2021 йилнинг 9 декабр куни Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашукеев раислигида Агросаноат комплексини (АСК) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда қишлоқ хўжалигини субсидиялаш тизимига янги ёндашувлар тақдим этилди, деб хабар беради Kazinform Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Йиғилишни очар экан, вазир давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган чора-тадбирлар туфайли маҳаллий агробизнеснинг барқарор ривожланишига эришилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмларида ҳали ҳам жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, улар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга қаратилган бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига олиб келмоқда. Буни нафақат назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилган текширишлар, балки Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган кенг қамровли таҳлиллар ҳам кўрсатмоқда.

Ушбу текширишлар якунида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қишлоқ хўжалигини субсидиялашнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш тавсия этилди. Президент 1 сентябрдаги Қозоғистон халқига Мурожаатномасида қишлоқ хўжалигини субсидиялаш тизимини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратди.

Мазкур масалаларни ҳал этиш мақсадида вазирлик ҳузурида агробизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳи тузилди, унинг таркибига тармоқ бирлашмалари ва уюшмалари, агробизнес, фан, манфаатдор давлат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакиллари, шунингдек, Сенат ҳамда Мажилис депутатлари кирди.

«Бугун ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бизда қиладиган ишлар кўп. Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида субсидияларни тақсимлаш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, бу эса субсидиялаш механизмларини соддалаштириш ва оптималлаштириш, очиқлик ва барча агрофирма субъектлари учун субсидиялардан тенг фойдаланишни таъминлаш имконини беради», - деди Ербол Қарашукеев.

Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган барча ёндашувлар жамоатчилик, уюшмалар, касаба уюшмалари ва агробизнес вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилинади.

Бугунги кунда агросаноат субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг барқарорлиги ва узлуксизлиги тамойилларини қонун ҳужжатлари билан тасдиқлаш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Адолатли тақсимотни ҳисобга олган ҳолда ягона ахборот тизими асосида барча субсидиялар берилишини таъминлашга қодир бўлган давлат субсидиялари ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилган.

«Ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан субсидиялар тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги ёндашувлар ишлаб чиқилди ва биз уларни биринчи вариант билан таништиришга тайёрмиз», - деди у.

Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Тўлеухан Нурқиянов «Агробизнесни субсидиялашнинг янги усуллари тўғрисида»ги маъузаси билан ишчи гуруҳ аъзоларини агробизнесни субсидиялашнинг амалдаги механизмидаги камчиликлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, у субсидияларнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигини, назорат қилиш қийин бўлган оралиқ технологик жараёнларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилаётганини, субсидиялар самарадорлигини баҳолаш меъёрларининг йўқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, субсидия олувчилар аниқ натижаларга эришиш учун жавобгар эмаслар. Мавжуд субсидиялаш механизмини такомиллаштириш учун вазирлик субсидиялар соҳаларини минималлаштириш, субсидия олувчилар олдидаги мажбуриятлар ставкасини жорий этиш, рақамлаштириш орқали субсидиялар олиш тартибини соддалаштириш, мавжуд ҳайвонларни ҳисобга олиш тизимининг функционаллигини тубдан қайта кўриб чиқиш, субсидияларни соҳага йўналтиришни таклиф этади.

Муҳокама чоғида ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, бирлашма ва уюшмалар вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Йиғилиш якунида вазир ишчи гуруҳнинг барча аъзоларига фаол ишлари учун миннатдорчилик билдириб, таклиф ва талабларларни инобатга олган ҳолда бир ҳафта муддатда субсидиялар тизимини ишлаб чиқиш ва лойиҳани ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишига киритиш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги хабарлар