ҚР Бош вазири Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин Қозоғистонга ишчи ташриф билан келган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Kazinform.

Бош вазирлар савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, саноат кооперацияси, шунингдек, минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида «Марказий Осиё» Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш бўйича Ҳаракатлар режасини амалга оширишни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Трансчегаравий сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, шу жумладан Туркистон ва Қизилўрда вилоятлари эҳтиёжлари учун Қирғизистон ва Тожикистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали сувнинг тўсиқсиз транзитини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муваффақиятли саноат кооперациясининг мисолларидан бири - қўшма лойиҳалар - Қостанайда «Chevrolet» русумли автомобиллари ишлаб чиқариш, Туркистон шаҳридаги тикувчилик фабрикаси, Чимкент шаҳридаги тўқимачилик фабрикаси ва бошқалар. Ҳозирги кунда тиббий асбобларни йиғиш (Чимкент ш.), автоклавли уяли бетон (Тошкент вилояти), «SAZ» русумли автобуслари (Қостанай ш.), «HOWO» юк машиналари (Саран ш.), «Hyundai» русумли автомашиналари (Урганч ш.), ошхона плиталари ва сув иситгичларини ишлаб чиқариш (Туркистон ш.) амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқасини кенгайтириш доирасида 8 июндан бошлаб «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси Алмати ва Самарқанд ўртасида йўловчи рейсларини бошлайди ва шу йилнинг 21 июнида Қозоғистоннинг «Fly Arystan» компанияси Туркистон - Тошкент йўналиши бўйича мунтазам парвозларни бошлайди. Ўзбекистон - Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо шериги - Ўзбекистоннинг улуши Қозоғистоннинг Марказий Осиё билан ташқи савдосининг тахминан 65 фоизини ташкил этади. 2021 йил январь-апрель ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,3 фоизга ва 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойига нисбатан 33,3 фоизга кўпдир. 2020 йилда Ўзбекистонда қозоғистонлик капитали иштирокидаги корхоналар сони 809 дан 919 компанияга ўсди. Қозоғистонда ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар сони 1231 тага етди.

Музокаралар якунида А. Мамин ва А. Арипов савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма савдо тизимини шакллантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида идоралараро шартномаларни имзолади.

Сўнгги хабарлар