ҚР Бош вазири ваколатли органлар билан Россиядан ташриф буюрувчилар сонининг кўпайишини муҳокама қилди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов миграция масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Россия Федерациясидан ташриф буюрувчилар сонининг кўпайиши билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди, дея хабар беради Кazinform primeminister.kz га таяниб.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова, янги келганларни ҳудудий жойлаштириш, ишга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш ва маслаҳатлар бўйича, Ички ишлар вазири Марат Ахметжанов мигрантларни ҳисобга олиш ва қонуний тартибни таъминлаш масалалари бўйича, ижара уй-жой бозорининг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида Адлия вазири Қанат Мусин маъруза қилди.


Кенгашда Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин, Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғали Есыалиев ва Алмати шаҳри ҳокими Ерболат Досаев иштирок этди.

Бош вазир ҳудудларда ижтимоий кескинликнинг олдини олиш мақсадида марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Мамлакатда ҳуқуқий тартиб ва ​​хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларни кучайтириш, шунингдек, келаётган россияликларга ёрдам кўрсатиш зарур: ЕОИИ қонунчилигига кўра, уларни ўз вақтида рўйхатга олиш ва бандлик масалаларини кўриб чиқиш зарур. Бу борада ижарага бериладиган уй-жой бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга», — деди Алихан Смаилов.


Унга кўра, барча давлат тузилмалари ўз ваколатлари доирасида томонларнинг ватандошлар ва мигрантлар олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориши керак. Яқин кунларда шу мақсадда тезкор линиялари очилади.

Шу билан бирга, Бош вазир вақтинчалик ташриф буюрган хорижий фуқароларни ишга жойлаштиришда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, Бош вазир барча транспорт инфратузилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш, мамлакатга келаётган аҳолининг бир жойда тўпланиб қолишига йўл қўймаслик бўйича зарур чораларни кўриш, АХКМларнинг узлуксиз ишлаши учун қўшимча хизмат кўрсатиш ойналарини очиш бўйича топшириқ берди.

Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар