ҚР Бош вазири сув хўжалиги фанини ривожлантиришни  топширди

29 Сентябрь, 23:15
ҚР Бош вазири сув хўжалиги фанини ривожлантиришни  топширди

ASTANА. Кazinform – Қозоғистонда сув хўжалиги фани ривожлантирилади. Бу ҳақда бугун Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида бўлиб ўтган Қозоғистон сув кенгаши йиғилишида маълум қилинди, дея хабар беради Кazinform primeminister.kz сайтига таяниб.

Кенгаш йиғилишида Сув хўжалиги қўмитаси ва унинг ҳавзавий инспектсияларининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешевнинг сўзларига кўра, мамлакатда сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида Сув хўжалиги қўмитасининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳудудий ҳавза инспекцияларини сезиларли даражада кучайтириш таклиф этилмоқда.

Бош вазир тегишли идораларнинг моддий-техник таъминотини кенгайтириш таклифини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, у Экология вазирлигига кадрлар сиёсати билан боғлиқ таклиф этилаётган чора-тадбирларни қўшимча таҳлил қилиш бўйича топшириқ берди.

«Фан ва таълимга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Сув хўжалиги фанини ривожлантириш, тегишли илмий-тадқиқот институтларини кучайтириш бўйича тавсиялар беринг, чунки фансиз биз бу соҳани ривожлантира олмаймиз. Кадрлар тайёрлаш жараёнида замонавий касбий стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим», — деди Алихан Смаилов.


Фото: primeminister.kz

Янгиликлар