ҚР Бош вазири инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари бўйича кенгаш йиғилишини ўтказди

None
ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида солиқ маъмуриятчилигини янада ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Kazinform primeminister.kz сайтига таяниб хабар беради.

Тадбирда АҚШнинг Қозоғистондаги Элчиси Дэниел Розенблюм, Буюк Британия Элчиси Кети Лич, Европа Иттифоқи Элчиси Кестутис Янкаускас, Канада Элчиси Алан Хемсон, Америка савдо палатаси ижрочи директори Дорис Бредбери , шунингдек, йирик бизнес ва марказий давлат органлари вакиллари иштирок этди.

Бош вазир ўз нутқида Ҳукумат давлатнинг ортиқча аралашувини рад этган ҳолда барча иштирокчилар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган рақобатбардош бозор иқтисодиётини яратиш йўналишини давом эттиришини таъкидлади.

«Бу йўналишда реал бозор рақобатини кучайтириш, қонунчилик ва суд амалиётини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сезиларли даражада мустаҳкамлайди, инвесторларга кенг кўламли иқтисодий имкониятлар яратади», — деди Алихан Смаилов.

Ҳукумат раҳбари бюджет ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш мақсадида 2030 йилгача давлат молиясини бошқариш концепцияси қабул қилингани, солиқ-бюджет сиёсатини янгилаш мақсадида 2023 йилда янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилишини таъкидлади.

Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича барча ишлар солиқ тўловчилар, экспертлар ва халқаро маслаҳатчилар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва рақамлаштириш, фойдани қайта инвеститсиялашда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади», — деди Алихан Смаилов.

Учрашувда солиқ сиёсати самарадорлигини ошириш, янги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш, товарларни божхонада қайта ишлаш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қозоғистонлик ва хорижий тадбиркорлар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар муҳокама қилинди.

Сўз якунида Бош вазир барча таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари томонидан кўриб чиқилишини таъкидлади.

«Қозоғистон Ҳукумати солиқ сиёсатининг барча долзарб масалалари бўйича инвесторлар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», — дея хулоса қилди у.

Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар