ҚР ҳарбий оркестри ўзбекистонликларни Конституция куни билан табриклади

None
ТASHKENT. Kazinform - Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳарбий оркестрлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун қўшма байрам концерти берди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Тошкентдаги «Халқлар дўстлиги» майдонида ҳарбий мусиқачилар икки мамлакатнинг ўзига хос маданияти ва мусиқа анъаналарини намойиш этиб, оммабоп жаз композициялари ва машҳур миллий куй-қўшиқлардан иборат поппуриларни жамоатчиликка тақдим этди.

Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Миллий ҳарбий-ватанпарварлик маркази ижодий жамоаси «Батырлар ізімен», «Ақ сиса», «Көзімнің қарасы», «Адай», «Туған жер» ва бошқа машҳур куй-қўшиқларни ижро этди.

Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-лейтенант Султан Камалетдинов Kazinform мухбири билан суҳбатда бу жамоанинг Ўзбекистонга илк ижодий ташрифи эканлигини таъкидлади. Концерт дастури Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган.

– Бугун Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Миллий ҳарбий-ватанпарварлик маркази ижодий жамоаси Ўзбекистон Мудофаа вазири таклифига биноан концерт дастури билан бир қатор ижодий учрашувлар ўтказди. Тошкентдаги ноқулай ва совуқ об-ҳавога қарамай, қўшниларимизнинг жуда илиқ кутиб олишларини алоҳида таъкидламоқчиман. Ишончим комилки, ўзаро ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб, республикаларимиз ва бутун Марказий Осиё минтақасининг ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшади», — деди Султан Камалетдинов.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев қозоғистонлик ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди.

«8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан барча ўзбекистонликларни табриклаш учун концерт дастури билан келган қозоғистонлик дўстларимизга катта раҳмат. Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ҳарбий идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. Ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётгани бугунги тадбир ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, шунингдек, Ўзбекистон пойтахти оддий фуқаролари ва меҳмонлари қозоқ миллий чолғу асбоблари ва оркестр мусиқаларининг ранг-баранг садоларидан баҳра олишди», — деди Ҳамдам Қаршиев.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар