Қозоғистоннинг «яшил» инвестициялардаги роли ортиб бормоқда

None
ASTANА. Кazinform – Қозоғистоннинг «яшил» инвестициялардаги роли ортиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«ЕSG (экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув) кун тартибини ҳисобга олган ҳолда, жаҳон маконида «яшил» инвестицияларнинг роли ортиб бормоқда. Бу борада Қозоғистоннинг ҳам ўрни ортиб бораётгани қизиқ. Қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизни дунёнинг «яшил» водород ишлаб чиқарувчи етакчи 10 та давлати қаторига кириш имконини беради. Хусусан, жорий йилнинг октябр ойида Германия-Швециянинг Svevind компанияси Қозоғистон Ҳукумати билан лойиҳа қуввати 20 ГВт бўлган «яшил» водород ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича шартнома имзолади. Қиймати 50 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа йилига 2 миллион тоннагача «яшил» водород ишлаб чиқариш имконини беради», - деди у вазирликнинг жорий йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, Мисрда ўтказилган CОP27 глобал конференциясида Қозоғистон Ҳукумати ва Австралиянинг Fortеssuе компанияси ўртасида мамлакатда «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

Давлат раҳбарининг Парижга ташрифи доирасида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Болат Ақшолақов Франция Ҳукумати билан «Глобал исишга қарши кураш соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш тўғрисида»ги махсус келишувни имзолади.

«Ушбу ҳужжат бандларидан бири Жамбил вилоятида 300-600 МВт/соат энергия сақлаш тизимига эга 1 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуришдан иборат. Лойиҳа Тоtal Eren ва «Самруқ-Казна» АЖ томонидан амалга оширилади», — деди Айбек Смадияров.

Фото: cеfic.оrg

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар