Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун 8 та транспорт даҳлизи модернизация қилинади
17 Май 14:08

Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун 8 та транспорт даҳлизи модернизация қилинади

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш учун 8 та транспорт даҳлизи модернизация қилинади. Бу ҳақда Қозоғистон Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайрбек Ўскенбаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Унга кўра, айни пайтда барча даҳлизлар тўлиқ қувват билан ишламоқда. Айрим участкаларнинг қувватини ошириш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» транспорт даҳлизининг узунлиги 2747 км. Бу даҳлиз Хитойдан Қозоғистон, Россия орқали ва ундан кейин Европага, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва аксинча транзит оқимларини таъминлайди. Даҳлиз 2009-2017 йилларда тўлиқ реконструкция қилинган. 2023-2030 йилларда транспорт оқимининг ортиши муносабати билан Қизилўрдадан Россия чегарасигача (Мартўк) 1363 километр қисмини босқичма-босқич биринчи техник тоифага ўтказишни режалаштирганмиз», - деди Қайрбек Ўскенбаев Ҳукумат йиғилишида.

Яна бир муҳим йўл – «Алмати – Қарағанди – Нур-Султан – Петропавл – Россия Федерацияси чегарасигача (Қорған) бўлган даҳлиздир, унинг жами узунлиги 1868 км.

«У Қозоғистон, Россия, Марказий Осиё ва ундан кейин Европага транзит оқимини таъминлайди. Шу билан бирга, транзитнинг бир қисми Хитойдан келади. 2017 йилда 863 км узунликдаги «Қарағанди – Нур-Султан – Петропавл» участкасини реконструкция қилиш ишлари якунланди. «Петропавл – Россия Федерацияси чегарасигача (Қорған)» 60 километрлик участкасида ишлар 2023 йилда якунланади. Шунингдек, 2023 йилда «Алмати-Қарағанди участкаси реконструкцияси ҳам якунланади», — деди вазир.

«Нур-Султан - Қостанай - Россия Федерацияси чегарасигача (Челябинск)» йўлининг узунлиги 860 км га этади. Бу даҳлиз Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон, Россия орқали ва ундан кейин Европага транзит ташишни таъминлайди. Ушбу участка 2013 йилда реконструкция қилинган. Бироқ, транспорт ҳаракатининг ортиши (кунига 7000 дан ортиқ автомобил) туфайли 2030 йилга келиб «Нур-Султан – Қостанай – Россия Федерацияси чегарасигача (Челябинск)» участкасини биринчи техник тоифага ўтказиш режалаштирилган.

«Хитой чегараси - Майқапшағай - Қалбатау - Семей - Павлодар - Россия Федерацияси чегарасигача (Омск)» участкасининг узунлиги 1116 км. Бу шарқий минтақанинг асосий йўналишларидан биридир. Транзит Хитойдан Қозоғистон ва Россия орқали Европага ўтади. 2016 йилда «Қалбатау – Павлодар – Россия чегарасигача (Омск)» 701 километрлик участкасини реконструкция қилиш ишлари якунланган. Айни пайтда «Хитой чегараси – Майқапшағай – Қалбатау» участкасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бу иш 2023 йилда якунланади.

«1026 километрлик Алмати-Талдиқорған-Ўскемен-Шемонайха-Россия чегараси (Барнаул) участкаси Марказий Осиё ва Хитойдан Қозоғистон орқали Россиянинг шарқий ҳудудлари ва Узоқ Шарққа борувчи машҳур йўналиш ҳисобланади. Айни пайтда «Талдиқорған-Ўскемен» автомобил йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, уни 2023 йилда якунлаш режалаштирилган. «Ўскемен-Шемонайха – Россия чегарасигача (Барнаул) 258 километрлик участкасини реконструкция қилиш 2024-2026 йилларга мўлжалланган», — деди вазир.

Бундан ташқари, 893 километрлик Ақтўбе-Қандағаш-Мақат-Атирау-Россия чегараси (Астрахан) йўналиши Ўзбекистон ва Туркманистонни Қозоғистон ва Россия ҳудуди орқали Европа билан боғлайди. Ақтўбе-Қандағаш ва Атирау-Астрахан участкаларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Уни 2022 йилда очиш ва 2023 йилда ишларни тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Қандағаш-Мақат-Атирау участкасини реконструкқия қилиш жорий йилда якунланади.

Атирау-Орал-Саратов коридорининг узунлиги 587 км. 100 километрлик «Орал-Саратов» участкаси 2018 йилда таъмирланган. 487 километрлик Атирау-Орал участкасини ҳаракатланиш тўрт йўлакли бўлган биринчи тоифага ўтказиш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, жорий йилда қурилиш-монтаж ишлари бошланади.

«Россиядаги геосиёсий вазият туфайли 4016 километр узунликдаги ТРАСЕКА транспорт даҳлизи бугунги кунда катта талабга эга. Унинг йўналиши «Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой» даҳлизининг асосий қисмидан ўтиб, сўнгра Ақтўбе ва Доссор орқали Қозоғистон денгиз портларига боради. Бу йўл Хитой ва Марказий Осиёдан Кавказга ва ундан кейин Ақтау ва Қуриқ денгиз портлари орқали Европага транзитни таъминлайди», - деди Қайрбек Ўскенбаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазир 2025 йилга бориб республика аҳамиятидаги автомобил йўлларининг норматив ҳолатдаги улуши 100 фоизга етишини маълум қилганди.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив