Қозоғистоннинг дипломатик хизматига 30 йил тўлди

Фото: None
NUR-SULTAN. Кazinform – 2 июл куни Қозоғистонда Дипломатик хизмат ходимлари куни нишонланади. Бу йил Қозоғистон дипломатик хизмати ташкил этилганига 30 йил тўлди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

1992 йил 2 июлда Мустақил Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ташкил этилди. Шу куни Президент Нурсултон Назарбоевнинг «ҚР Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисида», «ҚР элчихонаси тўғрисида» ва «ҚР Фавқулодда ва Мухтор Элчисининг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари тўғрисида»ги низомларни тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони эълон қилинди.

Қозоғистон Республикаси Президентининг 1998 йил 20 январдаги «Қозоғистон Республикаси Президентининг «Қозоғистон Республикасида касбий ва бошқа байрамлар тўғрисида»ги 3827-сонли Фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚР Президентининг 2009 йил 1 июлдаги837-сон Фармони билан 2 июл – Дипломатик хизмат куни касбий ва бошқа байрамлар рўйхатига қўшилди.

Аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев дипломатик корпус вакилларини мамлакат дипломатик хизмати ташкил этилганининг 30 йиллиги билан табриклаб, ушбу юбилей Янги Қозоғистон ташкил этилганининг бунёдкорлик даврига тўғри келганини маълум қилганди.

Президент таъкидлаганидек, мамлакат 186 давлат билан алоқалар ўрнатди, 50 та халқаро ташкилотга аъзо бўлди.

«Биз минтақавий ва глобал жараёнларда фаол иштирок этувчи барқарор ва нуфузли давлатга айландик. Сизлар мустақиллигимизнинг илк куниданоқ халқаро майдонда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқдасиз. Ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида сизлар Қозоғистоннинг жаҳон дунёсидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаяпсиз», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Қозоғистон постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб давлат чегарасини бутун узунлиги бўйича расмийлаштиргани ва бугунги кунда қўшни давлатларнинг бирортаси билан ҳудудий низо йўқлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Мухтор Тлеуберди мамлакат ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, туркий давлатларнинг ҳамкорлик жараёни кейинги йилларда сезиларли даражада ривожланмоқда. Туркий кенгаш туркий давлатларнинг тўлақонли ташкилотига айлантирилди ва «Туркий қарашлар-2040» дастури қабул қилинди. Туркистоннинг 2021-йилда Турк дунёсининг маънавий пойтахти деб эълон қилиниши Қозоғистоннинг туркий дунёда тутган ўрни эътирофи сифатида баҳоланиши мумкин.

«Бугун Қозоғистон Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларнинг янги босқичини шакллантирмоқда. Қозоғистон ва Европа Иттифоқининг Европа йўналишидаги ҳамкорлиги амалдаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимда яратилган афзалликлардан максимал даражада фойдаланиш, савдо ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга асосланади. Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши муносабати билан вазирлик олдида Қозоғистон-Британия муносабатларини ислоҳ қилиш вазифаси турибди», — деди вазир.

Таъкидлаш жоизки, бу йил Қозоғистон дипломатияси учун кўплаб халқаро тадбирлар ўтказилмоқда. Сентябр ойида Қозоғистонда 2003 йилдан буён ўтказиб келинаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII Съездига мезбонлик қилишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Қозоғистон ташаббусининг 30 йиллиги муносабати билан октябр ойида Нур-Султан шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг 6-саммитига тайёргарлик кўрилмоқда. Қозоғистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ишида ҳам иштирок этади.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар