Қозоғистоннинг 4 та вилоятида ўқитувчиларнинг маоши 790 минг тенгегача кўтарилади

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Атирау, Манғистау, Алмати ва Туркистон вилоятларига бошқа ҳудудлардан бориб дарс берувчи ўқитувчиларнинг иш ҳақи икки баравар оширилади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги раҳбари Асхат Аймағамбетов Парламент Мажилисининг ялпи мажлисида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Ялпи мажлисда депутат Жамила Нурманбетова ўқитувчилар етишмайдиган ва таълим сифати бўйича катта тафовут мавжуд ҳудудларни қўллаб-қувватлаш мақсадида энг яхши педагог кадрларни жалб этиш бўйича тегишли ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари комплекси билан махсус дастур ишлаб чиқилганини таъкидлади.

«Уни амалга ошириш учун қайта кўриб чиқилган республика бюджети лойиҳасида Атирау, Манғистау, Алмати ва Туркистон вилоятларига икки мингга яқин ўқитувчиларни жалб қилиш учун 3,9 миллиард тенге ажратилган. Шу билан бирга, кўрсатилган маблағлар фақат иш ҳақига рағбатлантирувчи устама тўловини белгилашга, иш ҳақининг 150 фоизи миқдорида сарфлаш режалаштирилган. Биз ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун бошқа харажатларни кўрмаяпмиз. Шу муносабат билан ижтимоий пакет, жумладан, бошқа аҳоли пунктларидан кўчиб келган ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласи қандай бўлади?», - деб сўради депутат.

Таълим ва фан вазири А.Аймағамбетов ушбу дастур жорий йилнинг сентябр ойидан бошланишини айтди.

«Бу 3,9 миллиард тенге иккала масалани ҳам қамраб олади. Биринчидан, ўқитувчиларга икки баравар иш ҳақи, шунингдек, уй-жой ва коммунал тўловлар тўланади. Нима учун биз бу масалани кўриб чиқяпмиз? Қонунчилигимизга кўра, уй-жой ва коммунал хизматлар учун ижара ҳақини фақат маҳаллий бюджет ҳисобидан беришимиз мумкин. Шу боис маҳаллий бюджетга тушадиган юк оғирлашиб кетмаслиги, қонун бузмаслиги учун маош орқали ушбу масалани ҳал қиляпмиз. Масалан, Мунайли туманига кўчиб келган ўқитувчи сентябр ойида маош оладиган бўлса, унинг маоши 790 минг тенге атрофида бўлади. Бу 790 мингдан 140 мингга яқини коммунал тўловлар, 650 минг тенгега яқини эса ўқитувчининг маоши бўлади», — деди вазир.

Шу билан бирга, бу масала идора буйруғи ва ўқитувчи қабул қилган тилхатда кўрсатилишини таъкидлади.

Муаллиф: Серик Сабеков


Сўнгги хабарлар