Қозоғистоннинг 16 та ҳудудида ишлаб чиқариш саноати ривожланди

Фото:
ASTANA. Kazinform - Жорий йил 4 ойида Қозоғистоннинг 16 та ҳудудида ишлаб чиқариш саноати ўсди. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Қайта ишлаш саноати ижобий ўсишни сақлаб қоляпти. Ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 фоизга ошди. Кўрсаткичларнинг ўсиши 16 та ҳудудда қайд этилган. Улар орасида Қостанай, Шимолий Қозоғистон, Абай вилоятлари ва Алмати шаҳрида энг юқори ўсиш кузатилди. Ишлаб чиқариш тармоқлари бўйича машинасозлик ишлаб чиқариш 35,9 фоизга, шу жумладан автомобилсозлик 41,2 фоизга, электротехника ускуналари ишлаб чиқариш 45,6 фоизга ўсди. Саноатнинг қуйидаги тармоқларида ҳам ўсиш кузатиляпти: озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 7,7, нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари – 2,8, кимё саноати – 0,5, ичимликлар ишлаб чиқариш – 6,9, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 3,6, енгил саноат – 34,9», - деди Алибек Қуантиров.

Унинг таъкидлашича, тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 2 фоизга ошган.

«Шу билан бирга, газ қазиб олиш 4,4 фоизга, нефть қазиб олиш 3,2 фоизга, бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш 20,6 фоизга ошди. Металл рудаларини қазиб олиш 0,8 фоизга, тоғ-кон саноатида хизматлар кўрсатиш 1,9 фоизга, кўмир қазиб олиш 9,9 фоизга камайди», - деди вазир.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар