Қозоғистонликларнинг 80 фоизи иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилишга ҳисса қўшишга тайёр – БМТТД

None
NUR-SULTAN. Кazinform - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қозоғистондаги Тараққиёт дастури қозоғистонликларнинг иқлим ўзгаришидан хабардорлиги бўйича ўтказилган социологик сўров натижаларини тақдим этди. Шу тариқа, қозоғистонликларнинг 80 фоизи иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр, деб хабар беради Кazinform мухбири.

БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистон Республикасидаги доимий вакили Сухроб Ҳожиматов бугунги кунда иқлим ўзгариши барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказаётганини таъкидлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги ўн йилликдаги барча офатларнинг қарийб 85 фоизи экстремал об-ҳаво ва иқлим ҳодисалари туфайли содир бўлган.

«Қозоғистонда иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, яйловлар ва ўрмонларга катта зарар етказмоқда. Қозоғистондаги ҳозирги муз массасининг 50% дан ортиғи 2100 йилга келиб йўқолиши кутилмоқда. Сел, сув тошқинлари ва қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари каби иқлим билан боғлиқ табиий офатлар частотаси ва ҳажми ошади. Прогнозларга кўра, иқлим ўзгариши сув ресурсларининг кескин қисқаришига олиб келиши мумкин, бу эса мамлакатнинг барча 8 ҳавзасида сув танқислиги натижаси бўлади», — деди социологик сўров тақдимотида БМТТДнинг доимий вакили вазифасини бажарувчи.

Маърузачи БМТТД дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларига, жумладан, Қозоғистонга иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришда бевосита ёрдам беришини таъкидлади.

«2050 йилга бориб буғдой ҳосилдорлиги 49%гача тушиши мумкин. Бироқ, Қозоғистон ва бутун дунё дуч келадиган ҳалокатли иқлим прогнозлари муқаррар эмас. Бугунги иқлим муаммолари барқарор яшил ўсиш йўлини танлаган ҳолда ривожланиш стратегияларимизни қайта кўриб чиқиш имкониятини беради. Қозоғистонда биз ҳукуматнинг иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича етакчи ҳамкоримиз, кам углеродли ривожланиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланадиган энергия, ноёб табиий қадриятлардан барқарор фойдаланиш ҳамда биохилма-хиллик ва экотизимларни сақлашга кўмаклашамиз», — дея қўшимча қилди Сухроб Ҳожиматов.

Сўровнинг ўзига келсак, тадқиқотда Қозоғистоннинг барча вилоятларидан 2168 киши иштирок этди.

Респондентларнинг аксарияти иқлим ўзгаришига инсон омили кучли таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Шундай қилиб, респондентларнинг 72,20 фоизи инсон фаолияти иқлимга «юқори таъсир» ёки «сезиларли таъсир» қилишига амин. Бироқ респондентларнинг ярмидан кўпи аҳолининг иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш чоралари ҳақида хабардорлигига паст баҳо беради (61,15%).

2012 ва 2020 йиллардаги сўровлар билан солиштирганда бу йил одамларнинг иқлим ўзгариши масаласига қизиқиши бироз пасайган. БМТТД бунга 2020 йилдан бошлаб дунёда рўй бераётган кучли ташқи омилларнинг таъсири билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Тадқиқот масалаларига қизиқиш бироз пасайганига қарамай, шуни таъкидлаш керакки, у барқарорлигича қолмоқда, одамлар бундай маълумотларни қидиришда маълум фаолликка эга, бундан ташқари, улар тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда шахсан иштирок этишга тайёр.

Аҳолининг катта қисми (тахминан 80%) мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилаш учун мустақил саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр - онгли истеъмолга риоя қилиш, ресурслардан фойдаланишни камайтириш ва чиқиндиларни саралаш.

Муаллиф: Арайлим Мурат


Сўнгги хабарлар