Қозоғистонлик талабалар жаҳон АКТ танловида ғолиб чиқди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонлик талабалар Huawei ICT Competition ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) танловининг жаҳон финалида ғолиб бўлди. Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган мусобақанинг финал босқичида Қозоғистондан 2 та жамоа иштирок этди: ХАТУ, Ал-Фарабий номидаги ҚазМУ ва Ғумарбек Даукеев номидаги Алмати энергетика ва алоқа университети талабалари жамоаси Network Track бўйича биринчи ўринни, Ғумарбек Даукеев АЭ ва АУ талабалари жамоаси Cloud Track бўйича учинчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Kazinform.

«74 давлат ичида Қозоғистон учун бу унутилмас лаҳза бўлди. Ғалаба қозониш учун кўп тайёргарлик кўрдик, бор кучимизни сарфладик. Албатта, топшириқлар жуда оғир эди, лекин биз бор билимимизни ишга солишга ҳаракат қилдик», – деб ўртоқлашди Huawei ICT Competition финалида биринчи ўринни эгаллаган жамоа талабаси Аида Бегайдарова.

2015 йилдан бери еттинчи маротаба ўтказилаётган мазкур танловда дунёнинг 74 мамлакатидан 2000 та университет ва коллежлардан 120 мингдан ортиқ талаба иштирок этди. 36 мамлакатдан 146 та жамоа, 429 нафар талаба миллий ва минтақавий мусобақалардан сўнг финалда қатнашиш учун Хитойга йўл олди. Уларнинг аксарияти университетларда очилган Huawei АКТ академиялари аъзоларидир. Таълим лойиҳаси ҳар йили 200 минг кишини ўқитади ва талабалар сонини 5 баробарга ошириш режалаштирилган.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йилгача 100 минг қозоғистонлик IT мутахассисларини тайёрлаш стратегияси доирасида Huawei Technologies Kazakhstan бутун Қозоғистон бўйлаб техник ихтисослик талабаларини тайёрлаш ва маҳаллий кадрларни қўллаб-қувватлаш учун АКТ-Академиялари тармоғини ривожлантириб келяпти.

Huawei АКТ танлови бутун дунё бўйлаб АКТ академиясига киришни хоҳловчи Huawei академиялари ва олий таълим муассасалари талабалари учун мўлжалланган. Танлов орқали Huawei талабаларга рақобат ва ғоялар алмашиш учун платформа тақдим этиш, шу орқали уларнинг АКТ соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини кенгайтириш, шунингдек, янги технологиялар ва платформалардан фойдаланган ҳолда инновациялар яратиш қобилиятини оширишни мақсад қилган.

«Академия ва мусобақаларда қатнашиш ҳамма учун мутлақо бепул. Биз учун энг аввало мутахассислар тайёрлаш муҳим. Иккинчидан, ҳар бир давлат рақамли иқтисодиётни яратяпти. Бу техник кўникмаларни талаб қилади. Ушбу танлов орқали биз ҳар бир мамлакат ва минтақа учун малакали кадрлар тайёрламоқчимиз», – деди Huawei EBG Глобал ҳамкорлик ва савдони ривожлантириш департаменти президенти Сяо Хайцзюнь.


Сўнгги хабарлар