Қозоғистонлик ўқувчилар Бокуда ўтказилган SАF-2022 робототехника фестивалида 7 та кубокни қўлга киритди

None
ASTANА. Кazinform – Қозоғистонлик ўқувчилар Бокуда ўтказилган SАF-2022 робототехника фестивалида 7 та кубокни қўлга киритди. Хушхабарни бугун Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«Суюнчи! Бокуда ўтказилган SАF-2022 робототехника фестивалида қозоғистонлик ўқувчилар шоҳсупага кўтарилди.

Халқаро фестивалда 8 давлатдан (Озарбайжон, Туркманистон, Эстония, Швеция, Буюк Британия, Ўзбекистон, Туркия) 350 жамоа ва 1300 нафар иштирокчи қатнашди. Қозоғистонликлар турли мукофот ва совринларни қўлга киритдилар.

Халқаро кузатувчилар жамоаларнинг ўйин даражасини юқори баҳоладилар. Vex Robotics Competition соҳасида ҳамюртларимиз асосий 7 та совринни қўлга киритди», — деб ёзди вазир Facebookдаги саҳифасида.

Вазирнинг таъкидлашича, ёшлар тоифасида «1729Х NEW EMPIRE» жамоаси қўшма мусобақада 2-ўринни, шахсий баҳсларда эса 3-ўринни эгаллади. Айни пайтда 1729К LSF қозоғистонлик ёшлар гуруҳи жамоавий ишлар бўйича 3-ўринни, яккалик баҳсларида эса 2-ўринни эгаллади.

Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичларида 3 та жамоа иштирок этди ва уларнинг барчаси финалга етди. Лицей ўқувчилари жамоавий ва яккалик баҳсларида биринчи ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Сатбаев университети ўқувчиларга техник ёрдам кўрсатди, ўқувчиларнинг саёҳат харажатлари иштирокчиларнинг оилалари ҳисобидан қопланди.

– Ўқувчиларимизнинг бундай ютуқлари барчамизни қувонтиради. Уларни ғалаба билан чин қалбимдан табриклайман! Ишончим комилки, иқтидорли ёшлар келажакда ўз билим ва малакасини ошириб, юртимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қиладилар», — деб ёзади Бағдат Мусин.

Фото: facebook.com/BagdatMussin

Муаллиф: Айдар Оспаналиев


Сўнгги хабарлар