Қозоғистонлик кўнгиллилар Сурияга гуманитар ёрдам жўнатган

None
ORAL. Kazinform – Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Орал шаҳри аҳолиси уч ҳафта давомида турли уй-рўзғор буюмларини йиғишди, дея хабар бермоқда Kazinform «Мой город» порталига таяниб.

Ғарбий Қозоғистон вилояти Қозоғистон халқи ассамблеяси қошидаги «Дўстлик» клуби етти йилдан бери волонтёрлик билан шуғулланиб келади. Туркия ва Суриядаги сўнгги воқеалар уларнинг эътиборидан четда қолмади.

«Туркия ва Сурияда зилзила содир бўлганда, биз дарҳол Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларидан келган кўнгиллилар ва жамоат арбоблари, шунингдек, Астанадаги фронт-офис билан боғландик. Ҳукуматимиз маблағ билан бирга озиқ-овқат, мол-мулк, қурилиш материалларини йиғишни бошлади. Бу ҳаракатни Оралда мен бошқарганман, – дейди «Дўстлик» клуби раиси Талғат Чудобаев.

Нарса ва маҳсулотларни йиғиш учун хона керак эди, уни «Юность» стадиони раҳбарияти тақдим этди. Уч ҳафта давомида Орал аҳолиси бор нарсаларини таклиф қилишди. Шу вақт ичида болалар қишки поябзали ва устки кийимлари, аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари, кўрпа-тўшаклар, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва бошқа анжомлар каби беш тонна маҳсулот йиғилди.

«Аҳолимиз шундай ҳамдардлик билдирмоқда. Бундай мудҳиш вазиятга дуч келган инсонларни билмасак ҳам, Туркия ва Сурия биздан узоқда бўлишига қарамай, Ғарбий Қозоғистон халқи хайрли ишлардан четда қолмади. Бундан ташқари, бир миллион тенге йиғиб олдик, уни махсус ҳисоб рақамига ўтказамиз», — деди Талгат Чудобаев.

Уч ҳафта давомида «Орал ёшлари», «Ақжайиқ ёшлари», «Ассамблея ёшлари» ташкилотлари кўнгиллилари эрталабки соат 9:00 дан 21:00 гача икки сменада ишладилар. Тадбиркорлар ва вилоят марказидаги оддий аҳоли уларни иссиқ овқат билан таъминлади.

Фото: mgorod.kz

Сўнгги хабарлар