Қозоғистонлик археологлар Қорақалпоғистондаги экспедицияда иштирок этишди

None
None
НУР-СУЛТОН. Kazinform - Қозоғистонлик археологлар Қорақалпоғистонда олиб борилган Қуйи Оролбўйи Қорақалпоқ-Россия комплекс археологик экспедициясининг иккинчи мавсум ишлари ишларида иштирок этишди. Бу ҳақда ЎзА агентлиги маълум қилди.

Экспедиция ишларида ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти ходимлари, Нукус давлат педагогика институти талабалари ва профессор-ўқитвчилари, Россия ФА Шарқшунослик институти ва Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология Институти, Россия Федерацияси Шарқ халқлари Музейи ҳамда Қозоғистон Республикаси А.Марғулон номидаги археология институти илмий ходимлари иштирок этди.

«Археологик қазишма ишлари иккита жойда - Устюрт чинкида ва Элликқалъа тумани ҳудудидаги Катта Қирққизқалъа ёдгорлигида олиб борилди. Устюрт чинкида олиб борилган археологик ишларнинг иккинчи йилида қадимий Хоразм чегара ҳудудида яшаган кўчманчилар анъаналари ҳақида янги маълумотлар берувчи кўплаб қизиқарли эсдаликлар топилди. Катта Қирққизқалъадаги қазишма ишлари машҳур археолог Сергей Толстовнинг хайрли ишларининг давоми сифатида кўрилади», - дейди ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори Айтмурат Альниязов.

Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти илмий ходими Егор Китовнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистоннинг Шуманай ва Қўнғирот туманлари чегара ҳудудларидаги Устюрт чиникида қазилган милодий II-IV асрларга тегишли эсдаликлар кўчманчи-сарматларга оид топилмалардир.

Сарматлар молларини боқиш учун йилнинг илиқ вақтида катта ҳудудларда кўчиб юрган кўчманчи халқ бўлган. Устюрт ҳудуди кўчманчилар йўлининг ҳар йилги меридионал охирги манзили сифатида маълум. Қиш пайтида Амударё делтасига қишлаш учун келган кўплаб кўчманчилар гуруҳлари Устюрт чинкларида қўним топиб қолган. Шунинг натижасида ҳозирги Қорақалпоғистон заминида яшовчи аҳолининг антропологик қиёфаси шаклланишида иштирок қилган.

Қадимий кўчманчиларнинг қўрғонли эсдаликлари бўйича машҳур археолог, профессор В.Н.Ягодин ҳаёти давомида кўплаб тадқиқот ишларини олиб борди. 1970 йилларда Миздакханда олиб борилган ишлардан кейин унинг қадимий кўчманчиларга бўлган қизиқиши ортиб кетди ва шу йилларда Т.Ходжаев билан ҳаммуаллифликда «Некрополь древного Миздакхана» монографиясини нашрдан чиқарди.

Мазкур монографияда «сармат маликаси» ҳақида гап боради. Зароастризм анъанасига мувофиқ танаси саркофагка солиниб дафн қилинган 18-20 ёшлардаги сармат маликаси ёнига кўчманчи сарматларга оид қимматбаҳо буюмлар ҳам жойлаштирилган ва бу каби ҳолат аввал учрамаган эди. Ушбу топилмадан кейин В.Ягодин Устюртда 20 йилдан кўпроқ вақт сарматларга оид кўплаб қўрғонларни топди ва тадқиқ қилди, лекин ушбу ишлар ўтган асрнинг 90 йилларга келиб тўхтаб қолган эди.

«2018-2019 йилларда қазилган эсдаликлар бу ерда яшаган кўчманчиларнинг олис-олислардаги Волга-Урал минтақаси, Қора денгизбўйи ва Ғарбий Қозоғистон ҳудудлари билан боғлиқликни кўрсатадиган бой маълумотларни тақдим этди. Экспедиция томонидан қуроллар, безак буюмлари, диний маросимларга оид нарсалар топилди. Олинган ҳамма маълумотлар Евразия тарихида янги сахифаларни очиши мумкин», - дейди Е.Китов.

Талабаларнинг қазишма ишларига иштирок этиши эса Қорақалпоғистон археологларининг янги авлодини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

«Талабаларнинг дарс жараёни тарихий жойларда ташкил қилинаётгани жуда самарали бўлмоқда. Улар тарихни ўз қўллари билан ковламоқда. Ўзлари танлаган соҳага қизиқиши ортмоқда. Тажрибали хорижий археологлар шу жойнинг ўзида дарслар ўтмоқда. Биз ҳозир қазишма ишларини олиб бораётган қалъада милоддан аввалги IV-III асрга маданият қатлами ҳам мавжуд», - дейди Катта Қирққизқалъа ёдгорлигида қазишма ишларига қатнашаётган Нукус давлат педагогика институти доценти Бахит Турғанов.

Бу ерда минг йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳаёт қайнаган ва милодий V-VI асрларгача давом этган. Табиат ҳодисалари, ёвгарчилик ва бошқа сабабларга кўра аҳоли қалъани вақти-вақти билан ташлаб кетиб турган ва қайтиб келган. Топилган артефактларга қараганда милоддан аввалги III-II асрларда ва милодий II-III асрларда бу ерда ҳаёт жуда яхши бўлган.
Катта Қирққизқалъада энг биринчи археологик амалиёт 1938 йилда бошланган, яъни С.П.Толстов бошчилигидаги экспедиция томонидан эсдалик аэрофототасвирга олинган ва разведка-қидирув ишлари олиб борилган. Кейинчалик археолог-олим Ғ.Хўжаниёзов томонидан қалъанинг фортификацияси ўрганилган.

Катта Қирққизқалъанинг деворларида расмларнинг белгилари ҳам намоён бўлди. Кўк рангдаги девор расми ҳозирда реставрация жараёнида.

Реставратор Вадим Ягодин (кичик)нинг сўзларига кўра, кўк рангдаги девор расми илк бор учрамоқда. Деворда ниманинг акс этганини реставрация жараёни тугагандан кейин айтиш мумкин.
Шундай қилиб, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон илмий институтлари ва олий таълим муассасалари ҳамкорликда олиб бораётган археологик ишлари шу йил учун ниҳоясига етди ва келгуси йилда яна давом эттирилади.

Муаллиф: Е. Қаноатов, М. Ҳабибуллаев (сурат).

Сўнгги хабарлар