Қозоғистонга КВИга қарши «Комирнати» вакцинасининг 500 000 дан ортиқ дозаси келтирилди

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Словакия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан «Комирнати/Омикрон» (Пфайзер) вакцинасининг 500 000 дан ортиқ дозаларини бепул олиб келиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Kazinform ССВ матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Ишлаб чиқарувчининг кўрсатмаларига мувофиқ, «Комирнати/Омикрон» вакцинаси фақат илгари КВИга қарши эмлашнинг бирламчи тўлиқ курсини олган 12 ва ундан катта ёшдаги шахсларни қайта эмлаш учун тавсия этилади. Ушбу вакцинани эмлашнинг тўлиқ курси учун ишлатиш мумкин эмас.

Вируснинг айланма ва доимий ўзгарувчан штаммларидан яхшироқ ҳимоя қилиш учун вакцина ишлаб чиқарувчилари доимий равишда вируснинг штамм таркибини кузатиб борадилар ва вакциналарнинг таркибини янгилаш чораларини кўрадилар. «Комирнати/Омикрон» вакцинаси таркибига коронавирус штаммининг янги вариантлари пайдо бўлишини ҳисобга олган ҳолда Omicron BA.4 ва BA.5 субвариантлари киритилган.

«Комирнати/Омикрон» вакцинаси мамлакатга киргандан сўнг ҳудудларга тарқатилади ва коронавирус инфекциясига қарши қайта эмлаш учун қўлланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида эслатиб ўтилганидек, ҳозирги вақтда Қозоғистонда эмлашнинг тўлиқ курсини олиш, шунингдек аҳолини қайта эмлаш учун қуйидаги вакциналар мавжуд: ҚазВак (ҚР), Синофарм (Хитой), Комирнати (Пфайзер, АҚШ).

Қайд этиш жоизки, COVID-19нинг Омикрон штамми бутун дунёда тарқалган доминант вариант бўлиб қолмоқда ва Қозоғистон Республикасида ўрганилган намуналарнинг 99,8 фоизини ташкил этади.

Коронавирусдан ҳимояланишнинг ягона самарали ва хавфсиз усули бу эмлаш, шунингдек, узоқ вақт давомида иммунитетни сақлаб қолиш имконини берувчи ревакцинациядир.


Сўнгги хабарлар