Қозоғистондаги барча мудофаа саноати ташкилотлари стратегик объект ҳисобланади

None
Фото: Видеодан кадр
ASTANА. Kazinform – Мажилис депутати, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Айгул Қуспан мудофаа саноати ташкилотларини стратегик объектларга таснифлаш механизмлари ҳақида гапирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Бугун Мажилисда «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига миллий хавфсизлик ва Қозоғистон Республикасининг махсус давлат органлари фаолияти масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Унда 2 та кодекс ва 11 та қонунга ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.


«Шу пайтгача мудофаа саноати ташкилотлари стратегик объект ҳисобланмас, фақат алоҳида ташкилотлар ушбу тоифага тегишли эди. Энди барча мудофаа саноати ташкилотлари стратегик объектга киради. Бунинг асосий самараси шундаки, ташкилотлар 100 фоиз хусусийлаштирилган тақдирда ҳам улар давлат назоратида қолади. Биринчидан, назорат олтин акция механизми (акциядорлик жамиятининг қимматли қоғози) ёрдамида амалга оширилади. У акциядорлик жамиятининг устав капиталини шакллантириш ёки дивидендлар олиш ҳуқуқини бермайди, балки жамиятда қабул қилинган барча қарорларга вето қўйиш ҳуқуқини беради. Бу салбий оқибатларга олиб келадиган қарорларга қарши жуда самарали механизм бўлади», - деди депутат Jibek Joly каналининг «Мәжіліс Live» дастурида.

Қонун лойиҳасида кўрсатилган иккинчи механизм – МЧЖ хусусийлаштирилганда унинг 25 фоиз улуши давлатда қолади.

Бу икки механизм орқали давлат хусусийлаштирилган ташкилотлар ва стратегик объектларни назорат қилади.

«Бугун биз қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқдик. Шундан сўнг гуруҳимиз ишлашда давом этади, биз яна техник масалаларни муҳокама қиламиз. Бироқ, энг муҳим тамойил - стратегик объектларни тизимли равишда назорат қилиш. Бунинг учун махсус комиссия тузилади. Ташкилотни хусусийлаштиришда ҳамма нарса танлов асосида очиқ амалга оширилиши керак, аудио-видео ёзувлар мажбурийдир, конвертларни очишда мудофаа саноати ташкилотлари вакиллари ҳозир бўлиши керак. Бундай аниқ механизмлар тақдим этилган», - дея тушунтирди Айгул Қуспан.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар