Қозоғистонда ярашув тартиб-таомиллари кўлами кенгайтирилади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Парламенти Мажилиси «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига низоларни суддан ташқари ва судгача ҳал этиш институтларини ривожлантириш масалалари бўйича ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ҳужжат Қозоғистон Республикаси Парламенти депутатлари ташаббуси билан тайёрланди.

«Қонун лойиҳаси медиация институтини ривожлантириш ва фуқароларга низоларни ҳал этишда ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасининг асосий қоидалари ярашув тартиб-таомиллари кўламини кенгайтиришга, аҳолини келишмовчиликларни яраштириш йўли билан ҳал этиш имкониятларига янада фаолроқ жалб этишга қаратилган», — деди Мажилис депутати Снежанна Имашева.

Унга кўра, ҳужжат алимент тўлаш бўйича низоларни воситачи ёрдамида ҳал қилишни назарда тутади.

«Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар тарафлар ўртасида худди шу мавзу бўйича ва худди шу асосда медиация келишуви тузилган тақдирда даъво аризаларини қабул қилиш ва судга қайтариш тартибларини такомиллаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, кодексда ажрашиш бўйича сиртдан иш юритишнинг олдини олиш бўйича қоидалар мавжуд», — деди у.

Бундан ташқари, айрим ўзгартиришлар медиацияни амалга ошириш тартиби ва услубини такомиллаштириш, медиация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, медиация битимининг шакли ва мазмунини ойдинлаштиришга, шунингдек, медиаторлар ташкилотларининг вазифаларини белгилашга қаратилган.

«Бугунги кунда медиация институтини ривожлантириш билан мунтазам шуғулланувчи орган йўқ. Шу боис қонун лойиҳасида тегишли ваколатни белгилаш ва унга зарур ваколатлар бериш таклиф этилмоқда. Умид қиламизки, келажакда бу Aхборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги бўлади», — деди С. Имашева.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар