Қозоғистонда ядро синовлари тўхтатилганига 29 йил тўлди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Бугун – Халқаро ядро синовларига қарши кураш куни, деб хабар беради Kazinform мухбири.

1991 йил 29 августда Нурсултон Назарбоевнинг фармони билан Семипалатинск ядро полигони ёпилди. 2009 йилда Қозоғистон БМТ Бош Ассамблеясининг Биринчи қўмитасига 29 августни Бутунжаҳон ядро қуролидан бош тортиш куни деб эълон қилишни таклиф қилди.

Қирқ йил давомида қозоқ халқини ва унинг ерларини заҳарлаб келган Семипалатинск полигонида биринчи атом бомбаси 1949 йил 29 августда портлатилган. Охирги портлаш эса 1989 йил 19 октябрда содир бўлган. Совет Иттифоқи даврида ушбу ҳудуд энг муҳим стратегик объектлардан бири бўлган. Қозоғистон ҳудудида атом бомбаларини синовдан ўтказиш учун 18 миллион гектар ер ажратилди ва дастлаб очиқ синовлар ўтказилди, бу аҳоли ва атроф-муҳитга бевосита таъсир кўрсатди. Кейинчалик синовлар ер остида ўтказилди. Натижада, яқин атрофда яшовчи 500 мингга яқин одам бевосита зарар кўрди. Полигонда жами 456 та ядро ва термоядро портлашлари амалга оширилди.

1989 йил февраль ойида таниқли ёзувчи ва сиёсатчи Олжас Сулейменов бошчилигида «Невада - Семипалатинск» халқаро ядро қуролларига қарши кураш ҳаракатининг биринчи митинги бўлиб ўтди. Шундан сўнг, барча оммавий ахборот воситалари ядровий синов хавфи ҳақида маълумот тарқатишни бошладилар. Қозоғистон Республикаси суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилиниб, унда мамлакат ҳудуди ядро қуролидан ҳоли ҳудуд деб эълон қилинди. Шундай қилиб, 1991 йил 29 августда Семипалатинск ядро полигони ёпилди.

Бугунги дунёда Қозоғистон глобал ядрога қарши ҳаракатнинг етакчиси бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ташаббуси билан АТОМ (Abolish Testing. Our Mission) лойиҳаси амалга оширилмоқда, унинг моҳияти барча одамларни ядровий қуролни тақиқлаш учун курашга сафарбар қилишдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти - Елбасы Нурсултон Назарбоевга «Ядро синовларидан холи дунё учун кураш чемпиони» мақоми берилганини хабар қилгандик.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи
Сўнгги хабарлар