Қозоғистонда ҳудудлар бюджетини ошириш учун қўшимча солиқ тушумлари ҳокимликларга берилади
20 Июнь 14:09

Қозоғистонда ҳудудлар бюджетини ошириш учун қўшимча солиқ тушумлари ҳокимликларга берилади

NUR-SULTAN. Kazinform – Ҳудудларнинг бюджет мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳокимликларга қўшимча солиқ тушумлари тақдим этилади. Бу ҳақда Парламент палаталарининг қўшма мажлисида 2021 йилги республика бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш чоғида Бош вазир ўринбосари – молия вазири Ерулан Жамаубаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бюджетнинг хомашё секторига ва солиқ маъмуриятига боғлиқлиги ҳақида танқидий фикрлар билдирилди. Солиқ тушумларининг умумий ҳажмида нонефт секторининг улуши охирги 5 йилда ўртача 68 фоизни ташкил этди. Бу йилларда хомашё тармоғининг улуши 32 фоиздан ошмади. Бироқ, жаҳон иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши асосий экспорт товарлари нархининг ошишига олиб келди. Бу хомашё тармоғидан тушадиган даромадларни ошириш имконини берди. Масалан, солиқ текширувлари ва ер қаъридан фойдаланувчиларнинг горизонтал мониторинги натижасида бюджетга 200 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ундирилди», — деди Е. Жамаубаев.

Унга кўра, Ҳукумат солиқ солинадиган базани кенгайтириш, яъни тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ва уларни соядан чиқариш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва бошқа манбалар ҳисобидан бюджет даромадларини диверсификация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширади. Масалан, биргина ўтган 3 йил давомида солиқ ва божхона маъмуриятчилиги ҳамда рақамлаштиришдан бюджетга 2 триллион тенгедан ортиқ қўшимча даромадлар тушди. Ўтган йили бор-йўғи 680 миллиард тенгедан ортиқ маблағ олинган.

«Ўтган йили Хитой Халқ Республикаси экспорти – Қозоғистон Республикаси импорти бўйича статистик маълумотлардаги тафовут 40,5 фоизга камайди. Бу борадаги ишлар янада кучайтирилади», деди вазир.

Бош вазир ўринбосари бюджет харажатларига ҳам тўхталиб ўтди.

«Биз Ҳисоб қўмитасининг республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги пул айланмаларини минималлаштириш бўйича таклифига розимиз. Ҳудудларнинг бюджет мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида ҳокимликларга қўшимча солиқ тушумларини тақдим этиш орқали бюджетлараро муносабатлар ислоҳ қилинади», — деди Е. Жамаубаев.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив