Қозоғистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш ҳақи уч йил давомида субсидияланади

None
ASTANА. Кazinform – Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш ҳақи уч йил давомида субсидияланади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири ўринбосари Олжас Ордабаев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Марказий коммуникациялар хизмати платформасида ўтказилган матбуот анжуманида ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш учта асосий йўналишда амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Биринчиси, ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари квоталари механизми. Ушбу талабга кўра, иш берувчилар иш жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун мавжуд иш ўринлари сонининг 2 фоизидан 4 фоизигача миқдорда квоталар белгилайди. Бу йўналиш доирасида ўтган йили 12 минг 200 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланди», — деди вазир ўринбосари.

Олжас Ордабаевнинг сўзларига кўра, иккинчи йўналиш – алоҳида эҳтиёжли одамлар учун махсус иш ўринлари яратиш. Ушбу лойиҳа 2018 йилда амалга оширила бошлади.

«Ушбу йўналиш доирасида иш берувчига иш жойини яратиш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар қопланади. Механизм қайта кўриб чиқилди ва кучайтирилди. Жорий йилдан бошлаб иш берувчининг 1 миллион тенгегача харажатлари қопланади. Бундан ташқари, махсус иш ўринларида банд бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш ҳақи уч йил муддатга субсидияланади. Масалан, биринчи йили иш ҳақининг 70 фоизи, иккинчи йили 65 фоизи, учинчи йили эса 60 фоизи давлат томонидан субсидияланади», — деди у.

Унга кўра, учинчи йўналиш – 2021-2025 йилларда тадбиркорликни ривожлантириш миллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида аҳолининг малакасини ошириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва субсидияланган иш ўринларида бандликни таъминлаш имкониятларини яратиш доирасида аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кўриш.

«Бугунги кунда 13 мингдан ортиқ имконияти чекланган инсон Миллий лойиҳа билан қамраб олинди. 1,2 минг нафари доимий иш ўринларига, 5,9 минг нафари имтиёзли иш ўринларига, жумладан, «Ёшлар амалиёти», «Биринчи иш», «Кумуш ёшлар» ва бошқа лойиҳалар бўйича ишга жойлаштирилди. Жорий йилда грантлар бериш механизми қайта кўриб чиқилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига, шу жумладан алоҳида эҳтиёжли шахсларга ва ногирон болаларнинг ота-оналарига устунлик берилади. Шу тариқа, 286 нафар ногирон фарзанд тарбиялаётган ота-оналар ва 481 нафар имконияти чекланган шахслар грантга эга бўлди», — деди Олжас Ордабаев.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар