Қозоғистонда мутахассислар етишмайдиган ҳудудларга борган ўқитувчиларга 150 фоиз миқдорида маош тўланади – вазирлик
21 Июнь 20:15

Қозоғистонда мутахассислар етишмайдиган ҳудудларга борган ўқитувчиларга 150 фоиз миқдорида маош тўланади – вазирлик

NUR-SULTAN. Кazinform - Мутахассислар етишмайдиган, таълим сифати паст ҳудудларда фаолият юритаётган ўқитувчилар учун республика бюджетидан маблағ ажратилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Таълим-маориф вазирлигининг Мактабгача ва ўрта таълим қўмитаси раиси Гулмира Каримова маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Республика бюджетидан мутахассислар етишмайдиган, таълим сифати паст ҳудудларга борадиган ўқитувчиларни молиялаштириш кўзда тутилган. Бунинг учун ўқитувчи бир неча босқичдан иборат тест синовидан ўтади. Дастур ғолибларига иш ҳақи 150 фоиз миқдорида тўланади. Шунингдек, у ерда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда оилали ўқитувчиларни жойлаштириш, болаларни мактабга ўтказиш каби масалалар ҳам ҳал этилади. Бундан ташқари, топшириқни муваффақиятли бажариб, йўлланма олган ўқитувчилар белгиланган манзилда 4 ҳафта давомида ўқитилади», - деди Гулмира Каримова вазирликнинг «Оqu-аgartu LIVE» лойиҳасининг жонли эфирида.

Қўмита раҳбарининг сўзларига кўра, мутахассислар етишмайдиган, таълим сифати паст ҳудудларга борадиган ўқитувчилар билан 5 йиллик шартнома тузилади.

Аввал хабар берганимиздек, мамлакатда ўқитувчилар етишмайдиган, талим сифати паст ҳудудларга энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш бўйича янги дастур ишга туширилди.

Муаллиф: Али Ибраев

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив