Қозоғистонда меҳнатга лаёқатли 9 млн аҳоли бепул курсларда қатнашиши мумкин

None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда 9 миллион киши ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бепул ўқув курсларида қамраб олинади, дея хабар беради Kazinform.

Вазирлик маълумотларига кўра, Ижтимоий Кодекс лойиҳаси доирасида фуқароларни оммавий тайёрлаш ва таълим сифатини ошириш учун асос яратилади ва қонун даражасида тасдиқланади.

Биринчидан, бепул ўқув курслари билан қамраб олинган меҳнатга лаёқатли фуқаролар сонини бир неча баробар ошириш режалаштирилган.

Агар илгари ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошида фақат маълум тоифадаги фуқаролар (йилига 500 мингга яқин киши) ўқитилган бўлса, эндиликда ижтимоий тоифага ва мавқеидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатли ёшдаги барча фуқаролар қамраб олинади (9 млнга яқин киши).

Жумладан, давлат томонидан иш берувчиларнинг илтимосига биноан ишсизлар ва аҳолининг айрим мақсадли тоифалари учун қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади. Шу билан бирга, уларга турли хил ўқув форматларини, жумладан, skills.enbek.kz платформасида онлайн тренингни таклиф қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда ушбу платформада 151 та курс жойлаштирилган, улардан 97 тасини бепул олиш мумкин.

«Иш берувчилар янги технологияларни жорий этиш ёки янги ишлаб чиқаришлар очилишини ҳисобга олган ҳолда ўз ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил қилади. Ўқитиш иш берувчининг хоҳишига кўра иш жойларида, ўқув марказларида ёки таълим ташкилотлари негизида ўтказилади.

Фуқаролар ижтимоий мавқеидан келиб чиқиб, давлат ёки иш берувчилар томонидан ташкил этилган бепул курсларда қатнашиши ёки ўз хоҳишига кўра пуллик курсларни танлаши мумкин», - дейилади вазирлик хабарида.

Иккинчидан, мамлакатда олий талим муассасалари ва коллежларида таълим сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Миллий малака тизимини қайта ишга тушириш ҳам шунга қаратилган.

«Иш берувчилар касбий стандартлар орқали таълим дастурлари билан янгиланадиган ишчи кучининг малакасига талабларни белгилайдилар.

Касбий малакани тан олиш марказлари мутахассисларнинг касбий малакасини, жумладан, расмий, норасмий ва норасмий таълим орқали эгаллаган индивидуал кўникмаларини баҳолайди ва тегишли сертификатлар беради», - дейилади вазирлик хабарида.

Сўнгги хабарлар