Қозоғистонда McDonald's фаолиятини тиклайди

None
ASTANA. Kazinform – Савдо ва интеграция вазирлигида Қозоғистонда McDonald'sнинг фаолиятини тиклаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Йиғилишда Қозоғистонда McDonald's компанияси раҳбарияти, давлат органлари, «Қозоғистон гўшт иттифоқи», «Қозоғистон паррандачилар уюшмаси» вакиллари иштирок этди.

«Компания мамлакатимиз бозоридаги фаолиятини давом эттириш ва ресторанлар фаолиятини тиклашни режалаштирган. Йил охиригача узоқ ва яқин хориждан юклар келади. Божхона расмийлаштируви жараёни, афсуски, бир ҳафтагача давом этади. Божхона расмийлаштирувини имкон қадар тезлаштириш сўраймиз», - деди «Food Solutions KZ» МЧЖ (Қозоғистонда McDonald's) бош директори Асет Машанов.

Ўз навбатида, Давлат даромадлари қўмитаси вакиллари ваколатли органларнинг рухсат берувчи ҳужжатлари, масалан, фитосанитария сертификати, мувофиқлик сертификати бўлсагина ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Шу билан бирга, йиғилишда импорт ўрнини босиш масаласи ҳам кўтарилди. «Қозоғистон гўшт иттифоқи», «Қозоғистон паррандачилар уюшмаси», «Қозоғистон сут уюшмаси» вакиллари Қозоғистонда McDonald'sга импорт товарлар ўрнига ўз маҳсулотларини таклиф қилишди.

Бу саволга жавобан Асет Машанов маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга тайёрлигини, қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар бошлаганини айтди.

«McDonald'sнинг барча маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифатининг юқори талабларига жавоб бериши керак. Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари учун ҳамкорлик McDonald'sнинг шерик бўлишни англатади ва халқаро даражага ва бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиш имкониятини очади. Ҳозир биз бир нечта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ишлаяпмиз ва улардан McDonald's стандартларига жавоб берадиган хомашё оламиз. Айни пайтда Қозоғистоннинг парранда ва мол гўшти ишлаб чиқарувчилари билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз», - деди Асет Машанов.

Вазирлик хабарига кўра, йиғилиш якунида қайд этилган масалаларни ҳал этиш бўйича «Йўл харитаси» тайёрланиб, ҳар бир масала бўйича кураторлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида McDonald's етказиб бериш ишлари туфайли Қозоғистонда барча ресторанларини вақтинча ёпиб қўйган эди.

Ушбу компания Қозоғистонда 6 йилдан ортиқ ишлайди. Компаниянинг Алмати, Астана, Атирау, Ақтўбе, Қостанай, Қарағанди шаҳарларида 24 та ресторани бор ва уларда 2000 га яқин киши ишлайди.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи


Сўнгги хабарлар