Қозоғистонда машинасозлик корхоналарини қўллаб-қувватлаш кучайтирилади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов машинасозликни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.

ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайрбек Ўскенбаев ўз маърузасида 2022 йилнинг 6 ойи якуни бўйича машинасозлик ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга (пул кўринишида) ошганини маълум қилди. Саноатга киритилган инвестициялар ҳажми 23 фоизга ошди.

Йиғилишда «Қозоғистон машинасозлик уюшмаси» ЮШБ бошқаруви раиси Мейрам Пишембаев маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг қатор йўналишлари бўйича соҳа вакилларининг таклифларини тақдим этди.

Қайта ишлаш тармоғи корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида хомашё, материаллар ва бутловчи қисмларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш усули билан тўлаш механизмидан фойдаланиш 2024 йилгача узайтирилгани қайд этилди. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи ушбу усулда тўланадиган импорт товарлар рўйхатига инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўлган металл буюмларни киритиш таклиф этилди. Шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилишда қўшилган қиймат солиғини зудлик билан қайтарадиган қайта ишлаш тармоғи корхоналари қамровини кенгайтириш тавсия этилади.

Бош вазир мазкур таклифларни қўллаб-қувватлади ва тегишли давлат органларига зарур қарорлар лойиҳаларини киритиш бўйича топшириқ берди.

«Биз маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва ривожланишидан манфаатдормиз. Бунинг учун қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамров кенгайтирилади. Шунингдек, харидлар чоғида маҳаллий қамровни ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим», — деди Алихан Смаилов.

Бош вазир мазкур йўналишларда тегишли давлат органларига қатор топшириқлар берди.

Фото: primeminister.kz

Сўнгги хабарлар