Қозоғистонда ўқитувчиларнинг Республика август конференцияси бошланди

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform – Қозоғистонда ўқитувчиларнинг республика август конференцияси бошланди. Форум 19 августга қадар давом этади ва шу куни якуний ялпи мажлис бўлиб ўтади, дея хабар беради Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати.

Икки ҳафталик панел йиғилишларда ўқитувчилар мактабгача, ўрта, қўшимча, техник ва касб-ҳунар таълими, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълим сифатини таъминлашдаги долзарб масалаларни муҳокама қилади.

«Август конференциясидан кўзланган мақсад педагогик жамоатчилик билан мулоқот ўрнатиш ва таълим соҳасидаги муаммоларни, мактабгача, ўрта, техник ва касб-ҳунар таълими сифатини ошириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Шунингдек, янги ўқув йилининг устувор йўналишлари ва асосий вазифалари белгилаб олинди. Тадбирда инновацион ўқитувчилар, таълим ташкилотларининг илғор етакчилари, экспертлар, ота-оналар жамоаси вакиллари иштирок этади. Маърузачилар томонидан давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари, тақдимотлар ўтказилади», — деди Таълим-маориф вазирлигининг Мактабгача ва ўрта таълим қўмитаси раиси Гулмира Каримова.

Панел мажлислар ва ялпи мажлис материаллари барча учун очиқ бўлиши учун вазирлик веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади. Форумнинг ялпи мажлиси вазирликнинг Facebook, Instagram ва YouTubeдаги саҳифаларида намойиш этилади.

Шунингдек, форумнинг ялпи мажлисида энг яхши ўқитувчиларни Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлигининг идоравий мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Сўнгги хабарлар