Қозоғистонда қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳа ишлаб чиқилди

Фото:
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда қишлоқ аҳолиси саломатлигини яхшилаш мақсадида «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ҚР Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният сўзлаб берди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа учта вазифани ўз ичига олади: биринчиси, етишмаётган тиббий-санитария биринчи тиббий ёрдам ташкилотларини қуриш орқали бутун қишлоқни тиббий инфратузилма билан таъминлаш. Иккинчидан, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган кўп тармоқли туманлараро марказий шифохоналар тармоғини ташкил этиш. Учинчидан, қишлоқ врачлик пунктларини тиббиёт ходимлари билан қамраб олиш.

«Вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 655 та тиббий-санитария биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муассасаси, жумладан, 253 та тиббиёт пункти, 160 та амбулатория, 242 та фелдшерлик-акушерия пунктлари қурилишига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. 32 та кўп тармоқли ҳудудий марказий шифохонани қамраб олиш – 12 та мавжуд шифохонани модернизация қилиш ва 20 та янги шифохона қуриш режалаштирилган»

, — деди Ажар Ғиният.

Шу билан бирга, инсулт ва кардиология, реанимация ва интенсив терапия, минимал инвазив жарроҳлик, травматология ва реабилитация бўлимларини очиш режалаштирилган. Бундан ташқари, туман марказий шифохонасини замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, КТ, МРТ, ангиография, эксперт тоифали ултратовуш текшируви, эндоскопия, реанимация, тиббий реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш, капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Миллий лойиҳани молиялаштириш Республика бюджет комиссиясининг жорий йил 15 ноябрдаги йиғилишида тасдиқланган. Лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан 217,7 млрд тенге ажратиш кўзда тутилган.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Сўнгги хабарлар