Қозоғистонда ирригация ускуналари ишлаб чиқарувчи завод қурилади

Фото: Фото: gov.kz
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда 2024 йилда қиймати 20 млн. долларлик суғориш ускуналари ишлаб чиқарувчи завод очиш режалаштирилган, деб хабар беради Kazinform ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб.

Вазирлик томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Хитойнинг энг йирик спринклер тизимлари ишлаб чиқарувчиси VODAR лойиҳага сармоя киритмоқчи. ХХРга ташрифи доирасида ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев ва VODAR компанияси бош директори Карсон Чжоу тегишли англашув меморандумини имзолади.

Корхона «Қорғас - Шарқий дарвоза» махсус иқтисодий зонасида қурилиши кутиляпти. Биринчи ишлаб чиқариш линияси жорий йилда ишга туширилади. Бундан ташқари, яқин ойларда Алмати ва Павлодар вилоятларида иккита намойиш майдончаси ташкил этилади. Таъкидлаш жоизки, компания давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини талаб қилмайди ва бозор шароитида ишлашга тайёр.

Шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистонда сувни тежаш технологиялари жорий этилган объектлар сони кўпаймоқда, бунга инвестиция субсидиялари ҳисса қўшди. Унинг доирасида фермерларнинг замонавий ирригация тизимларини харид қилиш, шунингдек, сув олиш ва етказиб бериш бўйича барча зарур инфратузилмани сақлаш учун сарфлаган харажатларининг 50 фоизи қопланади. ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2030 йилгача интенсив суғоришни 750 минг гектарга етказишни режалаштирган. ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги VODAR компанияси раҳбарияти билан учрашуви доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга туртки бўладиган «йўл харитаси» имзолади.

VODAR ирригация тизимлари дунёнинг 26 давлатига, жумладан Австралия, Венгрия, Мўғулистон, АҚШ ва Россияга экспорт қилинади. Компания сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан биридир.


Сўнгги хабарлар