Қозоғистонда дон ва ун экспортига чекловлар олиб ташланди

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – 2022 йил 31 августда ҚР Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири вақтинча вазифасини бажарувчи Серик Жуманғарин раислигида Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ғалла ва ун экспортига чекловларни олиб ташлаш, қорамол ва майда ҳайвонларни экспорт қилиш учун квоталар белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб хабар беради.

ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг идоралараро комиссиянинг йиғилишида айтиб ўтилган маълумотларига кўра, Қозоғистонда ғалладан яхши ҳосил олиш кутилмоқда. Жорий йилда 13 миллион тоннадан ортиқ буғдой йиғиб олиш режалаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпдир. Ички истеъмол учун қарийб 6,5 миллион тонна керак. Тегишли давлат органлари, «Атамекен», Дон иттифоқи, Дон қайта ишловчилар иттифоқи вакиллари билан, «Чўпон ота» миллий агроҳаракати раҳбари билан буғдой ва меслин, буғдой унини экспорт қилиш бўйича миқдорий чекловларни (квоталарни) бекор қилиш мақсадга мувофиқлигини ҳар томонлама муҳокама қилиш натижасида, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг прогнозларидан келиб чиқиб, 2022 йил 10 сентябрдан бошлаб дон ва ун экспортига қўйилган чекловларни олиб ташлашга қарор қилинди. Эслатиб ўтамиз, ушбу чеклов Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан 2022 йил 8 июлдан 30 сентябргача киритилган.

ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ғалла экспортини мониторинг қилиш, дон ва ун экспортини янада тартибга солиш масаласини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, йиғилишда урғочилардан ташқари қорамол ва майда молларни экспорт қилишда миқдорий лимитларни (квоталарни) белгилаш тасдиқланди.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йил 1 август ҳолатига кўра, қорамоллар сони 9,4 миллион бош, жумладан, 4,5 миллион сигир ва 3,2 миллион бош бузоқни ташкил этади.

Қўчқорларни экспорт қилиш учун 60 минг бош ёки умумий чорва молларининг 9 фоизи, шунингдек, 120 минг бош қўй ёки умумий чорва молларининг 10 фоизи миқдорида квота белгилашга қарор қилинди.

2022 йил 21 январдан 21 июлгача қорамол ва майда чорва молларини олиб чиқиш тақиқланган эди.



Фото: primeminister.kz
Сўнгги хабарлар