Қозоғистонда болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан 1000 дан ортиқ тадбирлар ўтказилади

None
ASTANA. Kazinform – Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қозоғистонда 1000 дан ортиқ тадбирлар ўтказилади, деб хабар беради Kazinform ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Қозоғистонда болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча тузилмалар, жамият, бизнес ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида «Балалар игілігі үшін!» Республика акцияси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Қозоғистоннинг барча ҳудудларида 1000 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилиб, уларда 3 миллиондан ортиқ болалар ва ота-оналар иштирок этади. Республикамизнинг барча шаҳарлари ва вилоят марказларидаги истироҳат боғларида болалар учун гала-концертлар, маданий-кўнгилочар дастурлар, музейлар, боғлар, театрлар, спорт иншоотларига ташрифлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказиляпти.

Бир қатор вилоятларда «BALAFEST» болалар фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Тадбир натижаларига кўра ғолиблар тақдирланади.

Шунингдек, етим, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва алоҳида тоифадаги оила фарзандларини алоҳида ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Мейірімділік – балаларға» хайрия акцияси ташкил этилади.

Ўқувчилар ўртасида «Туған елге тағзым!» ва «Ана тілім – тірегім!» республика мусобақалари ўтказилади.

Батафсил маълумотлар вилоят таълим бошқармалари сайтларида жойлаштирилган.

Сўнгги хабарлар