Қозоғистонда болалар боғчаларини лицензиялаш 2024 йилда бошланади - вазирлик

Фото: None
NUR-SULTAN. Кazinform - 2024 йилдан Қозоғистонда болалар боғчаларини лицензиялаш бошланади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлигининг таълим ва фан соҳасидаги сифатни таъминлаш қўмитаси раиси Гулзат Кобенова маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Болалар боғчаси хизматларини лицензиялаш янгилик эмас. 2011 йилгача лицензиялаш мавжуд эди. Ўша йилларда вазирлик олдида болаларни мактабгача таълим марказлари билан таъминлаш вазифаси турган эди. Шунинг учун лицензия вақтинчалик қайтариб олинган. Ўшандан бери болалар боғчаси билан қамраб олиш мақсади 10 йил ичида амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда болалар боғчалари билан таъминланиш даражаси 99 фоизни ташкил этмоқда. Энди сифатга эътибор бериш керак. Яъни, боғчалар қанчалик қонун, эҳтиёж ва талаблар асосида ишлаётгани муҳим», — деди Гулзат Кобенова вазирликнинг «Oqu-agartu LIVE» лойиҳаси эфирида.

Унга кўра, бу йил ва келгуси йилда боғчаларни лицензиялашга тайёргарлик кўрилади. Лицензиялаш 2024 йилда бошланади.

«Лицензиялаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу, биринчи навбатда, янги очилган болалар боғчаларига тегишли. Айтайлик, мамлакатимизда йилига ўртача 200 та боғча очилади. Иккинчидан, давлат аттестациясидан ўтмаган болалар боғчалари лицензияланади. Статистик маълумотларга кўра, икки марта давлат аттестациясидан ўта олмаган боғчаларнинг улуши 1-2 фоизни ташкил этади. Учинчи босқичда ўз фаолиятида таваккал ва шубҳа туғдирувчи боғчалар лицензияланади», - дейди у.

Шунингдек, қўмита раҳбари таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш мактаб ва коллежларда ҳам мавжудлигини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазири Асхат Аймағамбетов болалар боғчаларини лицензиялаш жараёнини тушунтирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев хусусий болалар боғчаларини лицензиялаш тартиби қайтадан жорий этилишини маълум қилганди.

Муаллиф: Али Ибраев


Сўнгги хабарлар