Қозоғистонда барча болаларга 3 ёшгача нафақа тўланиши мумкин

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда барча болаларга 3 ёшгача нафақа тўлаш ташаббуси кўтарилди. Бу ҳақда бугун ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Биржан Нуримбетов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Бола парвариши учун бериладиган ёрдам пулини ошириш ташаббусини кўтариб чиқмоқдамиз. Бугунги кунда нафақа бола 1 ёшга тўлгунга қадар берилади. Биз ушбу муддатни 1,5 ёки 3 йилгача узайтиришни кўриб чиқмоқдамиз. Ҳозирда тахминан 387 минг она бола парвариши учун нафақа олади», - деди Биржан Нуримбетов.

Ишламайдиган оналар 1 йил давомида бюджетдан ҳар ойда 15-24 минг танга олади. Ишлайдиган оналар эса ижтимоий суғурта фондидан ойлик маошининг 40 фоизини олади. Вазирнинг айтишича, ногиронлик бўйича нафақани қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

«Алоҳида эҳтиёжларга эга одамларга давлат алоҳида ёрдам қилиши лозим. Биз ногиронлик учун нафақа белгилаш ташаббусини кўтариб чиқмоқдамиз. Бугунги кунда ота-оналар ва васийларга ногирон болани парваришлаш, шу билан бир қаторда болалигидан биринчи гуруҳ ногирони бўлганларга нафақа бериш кўзда тутилган. Аммо болалигидан ногирон бўлмаган, кейинчалик биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган катталар ҳам бор. Уларни ҳам алоҳида парвариш қилиш керак. Шунинг учун қўшимча ёрдам пулини белгилаш жуда тўғри бўларди. Бу ҳозирча вазирликнинг режаси. Ҳукумат ва ижрочи органлар билан келишувга киритилганича йўқ ҳали», - деди у.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар