Қозоғистонда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш кластерини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди

Фото:
QOSTANAY. Kazinform – Қозоғистонда автомобиль қисмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун реал имкониятлар яратилди. Қостанайда бўлиб ўтган семинар-кенгаш иштирокчилари шундай бир фикрга келдилар, дея хабар беради Kazinform ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Семинарнинг асосий мавзуси - Қозоғистон ҳудудида маҳаллий автомобиль ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари. Иштирокчилар сору тизимлари, симлар, ўриндиқлар, электрон компонентлар, автомобиль пластик қолиплари, автомобиль пўлатлари ва корпус панелларини штамплаш каби турли компонентларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистон тараққиёт институтлари, жумладан «Байтерек» АЖ, «Даму» жамғармаси ва Саноатни ривожлантириш жамғармаси вакиллари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд ва режалаштирилаётган давлат маблағлари ҳақида маълумот берди.

Тадбир якунида семинар иштирокчилари Қозоғистон Республикаси ҳудудида автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун реал имкониятлар яратилгани ҳақида умумий фикрга келдилар. Шунингдек, муҳокамаларни давом эттириш ва автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқаришнинг маҳаллий кластерини яратиш ғоясини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича келишувга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, тадбир вазирликнинг Индустрияни ривожлантириш қўмитаси, «ALLUR» компаниялар гуруҳи кўмагида, Миллий технологик прогнозлаш маркази ва Қостанай вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Семинарда 50 га яқин давлат ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.


Сўнгги хабарлар