Қозоғистонда ахборот хавфсизлиги мутахассислари тайёрлаш учун киберполигон яратилади
28 Декабрь 18:13

Қозоғистонда ахборот хавфсизлиги мутахассислари тайёрлаш учун киберполигон яратилади

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассисларни тайёрлаш мақсадида киберполигон учун майдон яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари Асхат Оразбек маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2021-2022-йиллар учун «Ахборот хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича таълим грантлари сони 2632 тага етказилган.

«Олдин 500 та грант бериларди. Энди таълим вазирлиги талабаларга ушбу мутахассисликлар бўйича ўқиши учун 2632 та грант ажратади. 2020 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда ахборот хавфсизлиги соҳасида 542 нафар мутахассис тайёрланди, тўрт нафар мутахассис «Болашақ» халқаро дастури бўйича етакчи хорижий университетларда малака оширди», - деди Асхат Оразбек.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда вазирлик бизнес ҳамжамият билан биргаликда ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун киберўқув полигони платформасини яратиш устида ишламоқда.

«Соҳа етарлича тез ривожланмоқда, ахборот хавфсизлиги талаб даражасида, шунинг учун мутахассис бутун умри давомида ўз соҳасининг профессионали бўлиб қолиши учун университет маълумоти етарли эмас. Шунинг учун доимий қайта тайёрлаш талаб этилади. Биз ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислар вақти-вақти билан янги таҳдидларга қарши ўқитиш ва қайта тайёрлашдан ўтиши мумкин бўлган платформа яратмоқдамиз», - деди вазир ўринбосари.

Муаллиф: Ақбота Кузекбай

Янгиликлар

Архив