Қозоғистонда 2025 йилгача коллежда таълим бепул бўлади
20 Май 15:29

Қозоғистонда 2025 йилгача коллежда таълим бепул бўлади

NUR-SULTAN. Kazinform – Ярим миллионга яқин қозоғистонлик ёшлар коллежларда таълим олмоқда. Бу ҳақда ҚР Бош вазири ўринбосари Ерали Тоғжанов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Мамлакатимизда 490 мингга яқин ёшлар коллежларда таҳсил олмоқда. Бугунги кунда уларнинг 40 фоиздан ортиғи тўлов асосида таҳсил олмоқда. 2025 йилгача ёшларнинг босқичма-босқич техник ва касб-ҳунар таълими бутунлай бепул бўлади. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 45 минг қўшимча грант ажратилди. Коллеждаги таълимни меҳнат бозорига мослаштириш учун академик эркинлик жорий этилди. Ўқув дастурлари тўлиқ янгиланди», – дейди Е.Тоғжанов.

Шунингдек, мамлакатда очилаётган хорижий таълим муассасаларининг филиаллари ҳақида тўхталиб ўтди.

«Олий таълим сифати сенаторлар томонидан кескин кўтарилаётган масалалардан биридир. Бу борадаги рақобатбардошликни ошириш учун мамлакатимизда дунёнинг энг яхши университетлари филиалларини очиш бошланди.

Ўтган йили Алматида Британиянинг Де Монфорт университети филиали ташкил этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб М.Қўзибаев номидаги Шимолий Қозоғистон давлат университети Аризона университети билан ҳамкорликда ўқув лойиҳасини йўлга қўяди. Бу эса ёшларнинг хорижга чиқмасдан дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олиши, ота-оналарнинг харажатларини сезиларли даражада тежаш имконини беради», - деди Бош вазир ўринбосари.


Муаллиф: Серик Сабеков
Ўхшаш янгиликлар
Қозоғистонда 2000 га яқин киши докторантурага ҳужжат топширган
9 Август 22:54

Қозоғистонда 2000 га яқин киши докторантурага ҳужжат топширган

NUR-SULTAN. Кazinform - Ҳужжатлар 5 июлдан 5 августгача қабул қилинди. Қабул қилиш учун фақат битта олий таълим муассасаси ва битта таълим дастурини танлаш мумкин. Имтиҳонлар 20 августга қадар давом этади. Докторантурага грант асосида ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш чегараси 75 баллни ташкил этади, деб хабар беради Кazinform.

Ўтган йилдан бошлаб докторантурага қабул учун имтиҳон электрон форматда ўтказилмоқда.

Номзодлар компьютерда иншо ёзадилар, докторантурада ўқишга тайёргарлик бўйича тест ва таълим дастури профили бўйича имтиҳон топширадилар.

«Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи суҳбат шаклида ўтказилади. Иккинчи босқич тест марказлари базасида электрон форматда ўтказилади. Бўлажак докторантлар олий ўқув муассасалари томонидан тасдиқланган мавзулар бўйича иншо ёзадилар. Иншони баҳолаш, докторантурада ўқишга тайёргарлик бўйича тест синовлари, касбий имтиҳонлар натижалари тўпланиб, кириш имтиҳонининг якуний баҳоси чиқарилади», — деди вазирликнинг Олий ва олий таълим муассасасидан кейинги таълим бўлими директори Гулжан Жарасова.

Умуман олганда, кириш имтиҳонида максимал балл 100 баллни ташкил қилади.

Улардан суҳбат - 20 балл, иншо - 10 балл, докторантурада ўқишга тайёрлигини аниқлаш тести - 30 балл, касбий имтиҳон саволлари - 40 балл.

Бу йил биринчи марта докторантурага кириш учун чет тилини ўзлаштирганлиги тўғрисидаги гувоҳномадан ташқари, ҚАЗТЕСТ тизими бўйича давлат тилини ўзлаштирганлигини тасдиқловчи сертификат тақдим этиш зарур.

Докторантура бўйича давлат таълим буюртмасига келсак, 2022-2023 ўқув йили учун PhD мутахассисларини тайёрлаш бўйича давлат грантлари сони 1890 тани ташкил этади.

Докторантурага магистратура даражасига ва камида тўққиз ойлик иш стажига эга ёки тиббиёт мутахассислиги бўйича резидентурани тамомлаган шахслар қабул қилинади.

Фото: 1technation.cоm

Қозоғистонда масофавий таълим жорий этилмайди
2 Август 15:52

Қозоғистонда масофавий таълим жорий этилмайди

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Бош санитария шифокори Айжан Есмағамбетова ҳудуд «қизил» зонага кирган тақдирда таълим соҳасида жорий этиладиган чекловлар ҳақида гапирди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Биринчидан, бу санитария ва дезинфекцияни кучайтириш, тозалаш частотасини ошириш, офисларни вентиляция қилиш, ҳавони стерилизация қилишдир. Бундан ташқари, кираверишда фильтр ўрнатилади, ўқитувчи ва ходимларнинг тана ҳарорати ўлчанади», — деди Айжан Есмағамбетов 24kz телеканалига берган интервьюсида.

Унга кўра, масофавий ўқитиш формати жорий этилмайди. Шу билан бирга, «қизил» зонага кирадиган ҳудудларда маданий-маърифий тадбирлар, синф ва ота-оналар йиғилишларини ўтказиш тақиқланади.

«Болалар боғчаларида гуруҳларни бирлаштириб тадбирлар ўтказиш тақиқланади. Мактабларда юқори, ўрта ва қуйи синф ўқувчилари ажратилиши мумкин. Бу улар имкон қадар бир-бирлари билан учрашмасликлари учун амалга оширилади. Ёдингизда бўлса, бошланғич ва юқори синфлар учун алоҳида кириш йўллари ташкил қилгандик», - деди Бош санитария шифокори.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Янгиликлар

Архив