Қозоғистонда 200 та қишлоқни ривожлантириш учун 55 миллиард тенге ажратилади

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистондаги 200 қишлоқни ривожлантириш учун 55 миллиард тенге ажратилади. Бу ҳақда ҚР Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков бугун Сенатда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Умуман олганда, бюджетни аниқлаштириш доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича умумий харажатлар ҳажмини 2,2 триллион тенгега етказиш кўзда тутилган. Президент топшириқларини амалга ошириш учун 2 триллион тенге ажратиш режалаштирилган», – деди вазир ўринбосари 2023 йилги республика бюджетини аниқлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этиш чоғида.

Унга кўра, ҳудудларни мустаҳкамлаш ва инфратузилмани ривожлантиришга 240 миллиард тенге сарфланади. Унинг 109 миллиард тенгеси шаҳар ва қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади.

«Қўшимча харажатлар 2023 йилда шаҳарларда марказлашган сув таъминотидан фойдаланишни 99 фоизга, қишлоқ жойларда эса 96,5 фоизга ошириш имконини беради. Шунингдек, қонун лойиҳасида «Қишлоқ – юрт бешиги» лойиҳасини янада амалга ошириш учун 55 миллиард тенге маблағ кўзда тутилган. Бу харажатлар 200 та қишлоқ аҳоли пунктини модернизация қилишга йўналтирилади», – деди у.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қонун лойиҳасида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун 24 млрд тенге ажритилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 550 та кам қаватли турар-жой мажмуаларини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва хусусий уй-жой қуриш учун 15 мингга яқин ер участкалари билан таъминлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кичик ва йирик шаҳарларнинг моношаҳарлари ҳудудларини ривожлантириш учун 27 миллиард тенге режалаштирилган.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар