Қозоғистонда 200 дан ортиқ немис компаниялари фаолият юритмоқда

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда 200 дан ортиқ немис компаниялари фаолият юритмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Бугун Германиянинг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўйича вакили Маттиас Лютенберг бошчилигидаги делегация Нур-Султан шаҳрига келди.

«Биз иқтисодий соҳада яқин алоқадамиз. Германиянинг Марказий Осиё билан савдо айланмасининг саксон фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Қозоғистонда жами 200 дан ортиқ немис компаниялари фаолият юритмоқда. Европа Иттифоқи - Қозоғистоннинг энг муҳим савдо шериги ҳисобланади. Маданий алоқаларимиз ҳам изчил ривожланмоқда. Гёте институтининг Қозоғистондаги ваколатхонаси мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликка ёрдам беради ва немис тилини ўрганиш учун 15 та немис ҳамкор мактабларидан ташқари бошқа имкониятларни ҳам таклиф этади. Олий таълим муассасаларининг қўшма лойиҳаларидан бири Қозоғистон-Германия университетидир», - деди Маттиас Лютенберг ОАВ вакиллари билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Расмийга кўра, икки томонлама муносабатларда Қозоғистонда яшовчи этник немислар ва қозоғистонлик ва ҳозир Германияда яшаётган немислар муҳим ўрин тутади.

«Германия ва Европа Иттифоқи келгуси ўн йилликда Қозоғистонни қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳамкорлар сифатида ҳаракат қилишда давом этади. Дипломатик муносабатларнинг жорий йиллиги биз бу ютуқлар билан тўхтаб қоламиз, дегани эмас. Келажакда биргаликда ҳал қилишимиз керак бўлган кўплаб вазифаларимиз бор. Шу муносабат билан мен иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қайта тикланадиган энергия, водород ёки ноёб ер минераллари соҳасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини тушунаман»,- деди у.


Муаллиф: Али Ибраев

Сўнгги хабарлар