Қозоғистонда 2,3 млн ўқувчи ёзги оромгоҳларда дам олади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари Ерали Тоғжанов раислигида Бола йили доирасида амалга ошириладиган тадбирлар, шунингдек, ёзги таътилни ташкил этиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform primeminister.kzга таяниб.

Йиғилишда давлат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этди.

ҚР Таълим ва фан вазири ўринбосари Ғани Бейсембаев уч сменали мактаблар муаммосини ҳал этиш, ўринлар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида 2022 йилда мақсадли қурилиш ҳисобига янги мактабларни ишга тушириш режалаштирилганини таъкидлади.

Ҳар йили болаларнинг ёзги таътилга қамрови ортиб бормоқда. 2,3 миллион қозоғистонлик мактаб ўқувчилари ёзги таътилни болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказади. Бу ўтган йилга нисбатан ярим миллионга кўп.

Жорий йилда соғломлаштириш оромгоҳлари ва ўйин майдончалари сони ҳам сезиларли даражада ошди.

Умуман олганда, мамлакатда 11 мингдан ортиқ мактаб, дала, чодир, спорт оромгоҳлари мавжуд.

Шунингдек, кузда эса Қозоғистон олий ўқув юртларига кириш учун грантлар сони 73 мингтача оширилади.

Ўз навбатида, Бош вазир ўринбосари Соғлиқни сақлаш вазирлигига болалар оромгоҳларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, болалар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифа эканини таъкидлади.

Сўнгра Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Нурғиса Дауешов вазирликда 9 та тадбир режалаштирилганлигини, шундан бештаси 1 миллиондан ортиқ бола иштирокида ўтказилганини таъкидлади.

Қолган 4 та лойиҳани жорий йилнинг иккинчи ярмида амалга ошириш режалаштирилган.

Унинг таъкидлашича, вазирлик томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда спорт инфратузилмасини ривожлантириш режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда 113 та янги объект қуриш, 21 та объектни модернизация қилиш, 6 та йирик объектни қўшимча жиҳозлаш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ оромгоҳларда дам оладиган ўқувчилар сони ярим миллионга ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги хабарлар