Қозоғистонда 12 та реабилитация маркази қурилади

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Алтай Кўлгинов раислигида ўтказилган йиғилишда имконияти чекланган кишилар учун реабилитация марказлари қурилишининг бориши муҳокама қилинди. Бу ҳақда Kazinform primeminister.kzга таяниб хабар беради.

ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2022 йилда мамлакатдаги 32 та давлат реабилитация марказларида 130 минг кишига, жумладан, 10 мингдан ортиқ ногиронларга махсус ижтимоий хизматлар кўрсатилган.

Бироқ, республикада ногиронларнинг умумий сони 711 минг нафардан ошганини ҳисобга олсак, янги реабилитация марказларини ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади.

Давлат раҳбарининг топшириға биноан 2025 йилгача Қозоғистоннинг 12 вилоятида (Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Абай, Жетису, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Павлодар, Туркистон вилоятлари ва Алмати, Астана, Чимкент шаҳарлари) ҳар бири 150 ўринга мўлжалланган йирик реабилитация марказларини қуриш режалаштирилган.

Ушбу марказлар ногиронлиги бўлган кишиларни реабилитация даврида 24 соат давомида қабул қилади. Ҳар йили янги замонавий марказларда 1500-1800 нафар имконияти чекланган инсон саломатлигини мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Биринчи реабилитация маркази жорий йил бошида Абай вилоятининг Семей шаҳрида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Яқин вақт ичида ижтимоий муассасани сақлаш учун бюджет сўрови маҳаллий маъмуриятга юборилади. Жорий йилда Кентау, Тараз ва Ақтўбе шаҳарларида, келаси йили Ғарбий Қозоғистон вилоятида, 2025 йилда Ақмола ва Атирау шаҳарларида яна учта реабилитация марказини қуриш режалаштирилган.
Сўнгги хабарлар