Қозоғистонда 12 минг ўқитувчи рақамли инклюзив курсда малака оширади

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - 12 минг қозоғистонлик ўқитувчи рақамли инклюзив ўқув курсларидан ўтади, дея хабар беради Кazinform.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Қозоғистондаги ваколатхонаси Аstans Hub IТ Стартап халқаро технопарки билан биргаликда Қозоғистон Республикасининг 11 вилоятида 12 мингдан ортиқ ўқитувчиларни рақамли инклюзив таълим асослари бўйича аралаш форматда ўқитишни режалаштирмоқда.

Ўқув машғулотлари Таълим ва фан вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва таълим бошқармалари билан ҳамкорликда олиб борилади.

Машғулотларда шаҳар ва қишлоқ мактабларининг ўқитувчилари иштирок этади. Ҳозиргача ўн мингдан ортиқ тингловчилар курсга рўйхатдан ўтган.

«CОVID-19 пандемияси энг заиф болалар - алоҳида таълимга муҳтож болалар таълим олиш имконияти чекланганлиги ва масофавий таълимга ўтишдан энг кўп азоб чекишини аниқ кўрсатди. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳар бир бола учун, уларнинг эҳтиёжларидан қатъи назар, тенг фойдаланиши мумкин бўлган таълим жараёнини қўллаб-қувватлашдир. Рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган аралаш формат ўқув жараёнини қулай ва ўқув муҳитига мослаштиради. Аммо бу ерда ўқитувчиларнинг малакаси ва билими асосий рол ўйнайди. Шу боис, Аstana Hub билан биргаликда кўплаб ўқитувчиларга янги рақамли воситаларни ўргатишимиз мумкинлигидан хурсандман», - деди ЮНИCЕФнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Артур ван Дизен.

Аралаш формат - бу махсус ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда синфда ўқитишнинг анъанавий шаклларини бирлаштирган замонавий таълим усули.

Қозоғистонлик ўқитувчилар учун аралаш форматдаги рақамли инклюзив таълим курси Оkоо.kz таълим платформасида ўтказилмоқда.

Биринчи гуруҳ тингловчилари «инклюзия» атамаси, стереотиплар ва нотўғри тушунчаларни ўрганишга киришдилар.

Бундан ташқари, улар алоҳида таълимга муҳтож болаларни жалб қилишнинг янги технологиялари билан танишадилар.

Улар мактабда қулай муҳит яратиш учун турли рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда масофавий ва интерактив дарсларни ташкил этиш йўлларини ўрганадилар.

«Рақамли технологиялар рақамли таълимни қулай ва инклюзив қилиш каби глобал муаммоларга таъсир қилиши қувонарли. Умид қиламизки, келажакда IТ-технологиялар алоҳида таълимга муҳтож болаларнинг ўқув дастурида иштирок этиши учун барча тўсиқларни тўлиқ бартараф этишга ёрдам беради. ЮНИСЕФ билан ўз ваколатларимиз ва саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, бундай ижтимоий аҳамиятга эга масаланинг ечимига ҳисса қўшишимиз, энг муҳими, сезиларли туртки бўлишимиз ажойиб иш», — деди Аstana Hub IТ стартап технопарки бош директори Мағжан Мадиев.

Назарий қисмдан ташқари, ўқитувчиларга онлайн ўқитишнинг самарали бўлиши учун амалий билимлар берилади.

Курс давомида ўқитувчилар Mural, Padlet, ZООМ, Canva, Kahооt ва бошқа воситалардан фойдаланишни ўрганади.

«Бундай курсларни ташкил қилганингиз учун ташаккур. Тренингимиз 3 кун давом этди, бу вақт давомида биз кўп нарсаларни ўргандик: авваллари номаълум бўлган услуб ва технологиялар билан танишдик, билимимизни чуқурлаштирдик. Padlet ва Cаnva каби воситалар билан ишлаш айниқса қизиқарли эди. Келажакда албатта билимимни ишга соламан, – дейди Ғарбий Қозоғистон вилояти Теректи тумани, Жана Ўмир қишлоғидаги Шаған ўрта мактаби ўқитувчиси Жупар Танатарова.

Таълим ва фан вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2020 йил 1 январ ҳолатига кўра, Қозоғистонда 161 826 мингдан ортиқ алоҳида эҳтиёжли болалар истиқомат қилади, улар учун 99 та махсус мактаб ташкил этилган бўлиб, уларда 15 минг бола таҳсил олади.

Шунингдек, 42 ​​та махсус мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Ўзга болалар умумтаълим мактабларида инклюзив муҳитда таълим оладилар.


Сўнгги хабарлар