Қозоғистонда 100 ёшдан ошган 487 нафар кексалар бор

None
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда 100 ёш ва ундан катта бўлган 487 нафар қария бор. Энг кекса одам Туркистон вилоятида истиқомат қилади, у 121 ёшда, дея хабар беради Kazinform ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига таяниб.

«Одатда, мамлакатнинг жанубий минтақасида одамлар узоқроқ яшайди. Эслатиб ўтамиз, Туркистон вилоятида 100 ва ундан катта ёшдаги 75 нафар қария бор. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Алмати узоқ умр кўрганлар сони бўйича иккинчи ўринда туради. У ерда 100 ёшдан ошган 62 киши истиқомат қилади. Узоқ умр кўрганлар сони бўйича Алмати вилояти учинчи ўринда, 100 ва ундан катта ёшдагилар сони 55 нафарни ташкил этади», - дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, энг кекса қозоғистонлик Туркистон вилоятида яшайди, у 121 ёшда. Иккинчиси Чимкентлик, 120 ёшда. Учинчи қария Жамбил вилоятида яшайди, у бу йил 119 ёшга тўлди.

Қайд этиш жоизки, ҳар йили 1 октябр Халқаро кексалар куни бутун дунёда, жумладан, Қозоғистонда ҳам нишонланади. Ушбу байрам 1990 йил 14 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 45-сессиясида эълон қилинган. Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кексаларнинг давлат ва жамият олдидаги меҳнатини эъзозлаш, эътироф этиш ҳамда уларнинг муаммо ва эҳтиёжларига эътибор қаратиш, турмуш фаровонлигини ошириш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатишдан иборат.

Аввал хабар берганимиздек, Кексалар куни муносабати билан Астанада яшовчи 91 672 нафар пенсионерга бир марталик ижтимоий тўлов берилади.

Шунингдек, ушбу байрам муносабати билан Астана шаҳридаги маданият, таълим, спорт муассасаларида кекса авлод вакилларига меҳр ва эҳтиром кўрсатишга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.


Сўнгги хабарлар