Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти кучайтирилган режимга ўтказилди

Фото:
TÚRKİSTAN. Кazinform – ҚР Ҳукумати фармойиши билан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида назорат-ўтказиш пунктларида ўтказувчанликни ошириш ҳамда юк ва транспорт воситаларини ташиш жараёнларини оптималлаштириш чоралари кўрилмоқда, деб хабар беради Kazinform.

Қозоғистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитаси, Чегара хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида тузилган идоралараро ишчи гуруҳ Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида бўлди. Улар қўшни давлатнинг ваколатли давлат органлари билан шошилинч йиғилиш ўтказди. Масалалари жиддий бўлган ҳудудлар рўйхати шакллантирилиб, шунингдек, томонлар чегарадаги тирбандликларнинг муаммоли томонларини тезкорлик билан ҳал этиш бўйича тегишли комплекс чора-тадбирларни амалга оширди.

Жумладан, транспорт оқимини қайта тақсимлаш амалга оширилди (уларнинг катта қисми реконструкция қилинган «Б.Қонисбаев» назорат-ўтказиш пунктига жўнатилди), назорат-ўтказиш пунктлари кучайтирилган иш режимига ўтказилди, автомобилларнинг чегарадан ўтишини назорат қилиш операцияларини тезлаштириш мақсадида божхона пунктлари ходимлари қайта ташкил этилди. Давлат даромадлари қўмитасининг Диспетчерлик бош бошқармаси юкларни чиқариш бўйича туну-кун иш режимига ўтди.

Икки йўналишда товар ва транспорт воситаларини қабул қилишни кўпайтириш ва чегарада назорат операцияларини тезкорлик билан амалга ошириш юзасидан қўшни давлат органлари (божхона, чегара ва бошқа хизматлар) билан музокаралар олиб борилди.

«Ишчи гуруҳ яқин кунларда барча назорат-ўтказиш пунктлари ишини ҳар икки томондан кузатиб боради.

Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктларида товар ўтказувчанлиги ва айланмасини ошириш бўйича ишлар давом эттирилади», - деб ёзади Давлат даромадлари қўмитаси.

Эслатиб ўтамиз, мавсумий давр туфайли май ойидан бошлаб Ўзбекистондан Қозоғистонга мева маҳсулотлари импорти анъанавий тарзда ошган (жумладан, Россия Федерациясига транзит орқали жўнатилган маҳсулотлар ҳам). Бугунги кунда Туркистон вилояти Давлат даромадлари департаментининг 3 та божхона пости орқали ўртача 900-1000 та юк автомобили ўтказилмоқда («Б.Қонисбаев» – 500 та, «Қазиғурт» – 200 та, «Атамекен» – 200 та, «Қапланбек» (ҚР) ва унга туташ Ўзбекистоннинг божхона пости қурилиш даври учун тўлиқ ёпилди).


Сўнгги хабарлар