Қозоғистон ва Ўзбекистон «UzKazTrade» ташқи савдо компаниясини ташкил этди

None
ASTANА. Kazinform - Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида «UzKazTrade» МЧЖ ташқи савдо компанияси ташкил этилди. Экспорт-импорт корхонаси таъсисчилари «KazTrade Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази» АЖ ва «UzTrade» АЖ бўлди, дея хабар беради Кazinform Қозоғистон Республикаси Савдо вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасидаги келишувларни ишлаб чиқишда мамлакатларимиз ўртасида логистика йўналишларини, шунингдек, экспорт-импорт операциялари бўйича хизматларни кенгайтириш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳар икки томон манфаатдор бўлган асосий вазифалардан биридир. Ташқи савдо компаниясининг фаолияти икки мамлакат йирик корхоналари маҳсулотларининг бозор тадқиқотлари ва рақобатбардошлигини таҳлил қилиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга буюртмалар жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ўзаро савдо жараёнларини оптималлаштириш ва мувофиқлаштириш, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш, маҳсулотларни сертификатлаштириш ва экспортга рағбатлантириш, шунингдек уларнинг буюртмалари бўйича учинчи давлатлардан импорт ўрнини босувчи технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни Ўзбекистон ва Қозоғистонда етказиб бериш, маҳсулотларнинг янги харидорлари ва истеъмолчиларини излашга йўналтирилади», - деб тушунтирди Савдо вазирлиги.

«KazTrade» АЖ бош директори Нурали Бўкейханов таъкидлаганидек, қўшма компаниянинг ташкил этилиши Қозоғистон корхоналарига икки мамлакат бозорларига товарлар етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради, чекловларни олиб ташлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади ва ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этади.

– Дастлабки босқичда ички бозоримиз эҳтиёжини қондириш учун Ўзбекистондан мева-сабзавот сотиб олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Қозоғистон ун маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида сотишга кўмаклашамиз ва келгусида Афғонистонга экспорт қилиш имкониятини берамиз. Биз Ўзбекистон томони билан логистика харажатлари бўйича имтиёзлар беришга келишиб олдик», — деди Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази раҳбари.

Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши Қозоғистон бозорининг учинчи давлатлар импортига боғлиқлигини камайтириш бўйича Ҳукумат чора-тадбирлари самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

2022 йил якунига кўра Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5,0 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 29,8 фоизга (3,8 миллиард доллар) кўпдир. Қозоғистон товарларини экспортга етказиб бериш ҳажми 33 фоизга ошиб, 3,7 миллиард долларни ташкил этди. Экспортнинг ўсиши асосан мис рудалари ва концентратлари (ўсиш 4,8 баробар), буғдой (32,3 фоизга), автомобиллар (83,7 фоизга), кунгабоқар ёғи (97,2 фоизга), янги ва совутилган мол гўшти етказиб бериш(ўсиш 4,1 баробар), хом алюминий (70,4 фоизга) ҳажмининг ошиши ҳисобига содир бўлди.

Ўзбекистондан Қозоғистонга импорт 2022 йилда 21,4 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон асосан автомобиллар учун кузовлар, учқунли ички ёнув двигателлари, узумлар, қотишмаган пўлатдан ясалган текис прокатлар, қўрғошин рудалари ва концентратлар, қурилиш ғиштлари, пол блоклари ва керамикадан тайёрланган шу каби маҳсулотлар, автомобил ва тракторлар учун эҳтиёт қисмлар ва аксессуарлар, этилен полимерлари сотиб олади.


Сўнгги хабарлар