Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 500 млн долларлик 52 та шартнома имзоланди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ҚР Бош вазири Асқар Мамин ва ЎР Бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумида иштирок этди. Форумда бирқатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Бу ҳақда Kazinform Бош вазир матбуот хизматига таяниб хабар беради.

«Лидерларимизнинг сиёсий иродаси туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик янги сифат босқичига кўтарилди», - деди А.Мамин.

Қозоғистон Ҳукумати раҳбари ўзаро савдо айланмасини янада ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар мавжуд салоҳиятдан янада фаол фойдаланишга ва янги йўналишларни излаб топишга ундайди.

Учрашув давомида савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, транзит-транспорт, сув-энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, сайёҳлик, экология каби соҳаларда, шунингдек, молиявий технологиялар ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

А.Мамин ва А.Арипов Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг «Агросаноат кооперацияси, саноат ва туризм соҳаларида ҳудудий бизнеснинг ҳамкорлиги» мавзусидаги якуний йиғилишда иштирок этди. Унда, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, мамлакат ишбилармон доиралари, жами 300-дан зиёд одам иштирок этди.



Қозоғистон Республикаси Бош вазири Чимкентда «Оңтүстік» ЭИЗ базасида Қозоғистон-Ўзбекистон енгил саноат кластерини яратиш, Туркистон, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги сайёҳлик майдонларига бирлашган туристик йўналишларни очиш, улгуржи савдо ва агро-логистика марказларини биргаликда ривожлантириш ташаббусларини илгари сурди.

А.Мамин мамлакатларимиз ўртасидаги транзит, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.

«Қозоғистон учун сизнинг мамлакатингиз Жанубий Осиёга чиқиш йўли, Ўзбекистон учун эса бизнинг ҳудудимиз ЕОИИ ва Жануби-Шарқий Осиё, Кавказ ва Европа бозорларига чиқишга йўл очади», - деди Мамин. Шу ўринда «Шимол-Жануб» даҳлизи инфратузилмасини барпо этиш, шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Форум якунида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 52 та ҳужжат, шу жумладан Форумнинг якуний декларацияси, шунингдек, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, молия, банк, саноат, инфратузилма, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги умумий қиймати қарийб 500 миллион долларга тенг идоралараро, минтақалараро ва тижорат шартномалари имзоланди.



Форум икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларига B2B (business-to-business) учрашувларини ўтказиш, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш ва инвестиция имкониятларини махсус ташкил этилган кўргазмада намойиш этиш имконини берди.


Сўнгги хабарлар